14 Ноябр 2024 йил 5900

Бошқарма бошлиғи биноларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Арнасой тумани ички ишлар бўлимига қарашли биноларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди. Хусусан, ички ишлар органлари биноларининг иситиш тизимлари созлигини ўрганди. Мазкур жараёнда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, бўлим ҳовлисида тозалик, кўкаламзорлаштириш, қурилиш ва таъмир ишларини сифатли бажаришга доир тавсияларини билдирди.

 Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида туманда мевали боғ яратишга доир тадбирлар белгиланди. Шунингдек, 3- сектор раҳбари  ходимларнинг хизмат хоналарини кўздан кечирди, соҳа вакиллари билан мулоқотлар ўтказди. Ўз навбатида, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида миграция ва фуқаролик расмийлаштириш гуруҳи биносини бўлим ҳудудидан ташқарида барпо этиш хулосасига келинди.

Ғайрат Қодиров Арнасой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штаби биносида ҳам бўлди. Бу ерда сайёр қабулларни ташкил қилиш, фуқаролар муаммоларини самарали ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини иш билан таъминлаш, ички ишлар органлари масъулларига бириктирилган оилаларни камбағалликдан чиқаришга оид масалалар кўтарилди. 3- сектор ишчи гуруҳи жойлашган бинони барқарор иссиқлик билан таъминлаш чоралари  ҳам эътибордан четда қолмади.

Шу куни бошқарма бошлиғи Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов билан бирга ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Хусусан, қоп ишлаб чиқариш корхонаси, истироҳат боғи ҳамда бозор қурилаётган майдонларда бўлди. 1- сектор раҳбари билан кечган мулоқотда йўллар қурилиши, аҳоли пунктларидан сизот сувларни қочириш, бетон ариқлар ҳамда пиёдалар йўлакларини қуришга оид режалар баён этилди.

 

 

Text to speech