Бошқарма бошлиғи Наврўз маҳалласида аҳоли билан мулоқот ўтказди
Жиззах
вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг
навбатдаги сайёр қабули Зарбдор тумани “Наврўз” МФЙда ўтказилди. Мулоқот
аввалида сектор раҳбари эҳтиёжманд оилаларнинг 3 нафарига электр печлари, 3
кишига ногиронлик аравачаси, 2 нафарига имтиёзли кредит маблағлари
ажратилганлиги тўғрисидаги сертификат, 16 ёшга тўлган 4 нафар ёшларга ID картани топширди.
Бир гуруҳ ташаббускор ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий
ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сайёр қабулда 20 га яқин фуқаро бошқарма бошлиғидан
ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам сўради. Хусусан, олий
таълим учун шартнома пулини тўлаш, кўчаларга асфальт ётқизиш ишини давом
эттириш, кўчаларни тунги вақтда ёритиш, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб
чиқиш, ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш,
ногиронлик нафақасини олиш, моддий ёрдам кўрсатишга оид масалалар кўтарилди.
Бундан ташқари йўл белгилари ўрнатиш, кўп қаватли
уйда олиб борилган таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаганлиги, ичимлик суви
истеъмолидан юзага келган қарздорликни камайтириш каби масалаларга ҳам
мутасаддилар иштирокида ечим изланди.
Аҳоли билан очиқ мулоқот сўнггида вилоят ички ишлар
бошқармаси бошлиғи қабулда кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш,
муаммоларни хонадонбай ва маҳаллабай ўрганиш ҳамда аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш
бўйича масъулларга топшириқлар берди.