27 Декабр 2023 йил 4070

Бошқарма бошлиғи янгиободлик фуқаролар билан мулоқот қилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули Янгиобод туманининг Дўстлик маҳалласида ўтказилди. Қабул аввалида эҳтиёжманд оилаларнинг 3 нафарига электр печлари, 2 нафарига имтиёзли кредит ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар, 3 нафарига моддий ёрдам ҳамда 3 нафар ёшларга ID карталар топширилди.

Мулоқотда Дўстлик, Янгиобод ва Сармич маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар сектор раҳбаридан ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳал этишда ёрдам сўрашди. Хусусан, ички кўчаларга шағал ётқизиш, электр таянч устунларини алмаштириш, ичимлик суви билан таъминлаш, моддий ёрдам, иш билан таъминлашга оид масалаларга мутасаддилар иштирокида ечим изланди.

Қабул давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кўп тармоқли марказий поликлиникада юзага келтириган шароитларни кўздан кечирди.

Маълум қилинишича, 100 ўринли саломатлик масканига қўшимча яна 100 ўринли бино қурилиб бир ой муқаддам фойдаланишга топширилган. Ҳозирда бу ерда 15 нафар шифокор ҳамда 75 нафар ҳамширалар аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилишаяпти. Муассасада касалликларга ташхис қўйиш ҳамда даволаш учун барча қулайликлар яратилиб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган.

Таъкидлаш жоиз, 3- сектор раҳбарининг шу ой бошида туманда ўтказган сайёр қабулида аҳоли томонидан билдирилган масалаларнинг аксарияти бартараф этилиб, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича ишлар давом этмоқда. 

Text to speech