Болам сизга ўхшасин!
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғини биринчи марта маҳалламизда ўтган жиноят муҳокамасида кўрганман. Ўзини тутишидан, сўзларидан ёлғон гапирмаслиги, бағрикенглиги яққол сезилди. Шу боис ундан ёрдам сўрашга қарор қилдим.
Очиғи, 3- сектор раҳбарига дуч келгунимга қадар жуда кўп раҳбарга учрашганман. Бири ваъда бериб, муаммоимни ҳал қилмаган бўлса, бошқаси кўмак кўрсатиш қўлидан келмаслигини айтган. Қисқаси, шахсий қабул ўтказадиган куни борсам, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи пойтахтдан келган масъуллар билан туманларга чиқиб кетган экан. Шу боис қабулни ўринбосарларидан бири ўтказаётганди.
Мен унга эрим жигар циррози билан касалланганлиги, оилавий шароитимиз оғирлиги, турмуш ўртоғимни ногиронликка чиқаришмаётганлигини айтдим. Бошқарма бошлиғининг ўринбосари ўша заҳоти Ғайрат Қодировга қўнғироқ қилиб, нима мақсадда келганлигимни баён қилди. Телефоннинг овози баландлатиб қўйилгани учун Ғайрат Қодировнинг ҳамма гапларини эшитиб турардим. У қайсидир идора раҳбарига қўнғироқ қилиб, муаммоимни айтди. Озроқ гаплашгач уяли алоқа воситасидан генералнинг: “Бугуноқ бориб учрашишсин”, деган гапи эшитилди.
Мен “Раҳмат” айтганча уйга шошилдим. 5 кун деганда турмуш ўртоғимнинг ногиронликка чиқаришди. Эримнинг аҳволи оғир, анчагина дори керак бўляпти. Олаётган нафақасини даволанишга ишлатаяпмиз. Кўп ўтмай икки нафар ички ишлар органлари ходимлари уйимга бир қоп ун, мой, шакар, макарон, картошка, сабзи, пиёз, гуруч ташлаб кетишди.
Яна бир неча кундан сўнг Ғайрат Қодировнинг ўзи келди. Оила аъзоларим билан гаплашди. 9 ёшли ўғлимиз бор, унга илиқ тилакларини билдирди. Мен эса: “Боламнинг оғзига туфланг, сизга ўхшаган инсон, генерал бўлсин”, дедим, биз қозоқларда шундай урф бор. Ана шу гап орасида уй кўтариб қўйганмизни, эрим жигар циррози бўлиб қолгач, ичкарисини таъмирлашнинг иложини тополмаётганимизни айтдим...
Ҳаётим оғир кечган. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилганман. Ота-онамдан эрта етим қолганман, акаларим билан қийналиб ўсдик. Кейин Қозоғистонга кўчиб кетдик. Биринчи турмушим ўхшамаган. Кейин Олмаотада ҳозирги турмуш ўртоғим билан тақдир юзлаштирди. Шу сабаб Жиззахга келиб қолганман.
Ёшлигимда кўп қийналганим учун боламга ўзимники каби ҳаётни раво кўрмайман, уй-жой учун тиришаётганим сабаби шундан. Орадан 3-4 ой ўтиб, уйимни таъмирлашга ҳам пул ажратишди. Бундай яхшиликни баъзида жигарларинг қила олмайди. Шу боис бу инсондан миннатдорман. Дуога қўл очганимда, у кишини ҳам эслайман, “Дунё тургунча турсин, болаларига бош бўлсин”, дейман. Раҳбарларни одамларга яхшилик қилишга ундаётган Президентимизга ҳам миннатдорчилик билдираман.
Зина ДАВЛАТНАЗАРОВА,
Жиззах шаҳри Оққўрғонлик маҳалласи.