3 Август 2023 йил 502

Боламнинг ҳаётини ходимлар сақлаб қолишган

Боламнинг ҳаётини ички ишлар органлари ходимлари сақлаб қолишган. У юрагида тирқиш билан туғилган, тиббий кўрикдан ўтказган шифокорлар иложи борича тезроқ жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлигини уқтиришарди. Чунки тирқиш кенгайиб, қон томирлари узилиши мумкин эди.  Эрим мавсумий ишлар билан шуғулланади. Унинг топгани ўғлим Жавлонбекни операция учун қилдириш учун етмасди.

Болам кўз ўнгимда сўлиб борарди. Энтикиб нафас олар, уззукун уйда ётарди. “Мен ҳам ўртоқларим каби ўйнай оламанми, чопа оламанми?”, деганида юрагим эзилиб кетарди. Операция учун пул топиш мақсадида уйимизни сотувга қўйдик. Ёрдам сўраб бормаган идорам қолмади, очиғи эсим оғишига оз қолганди.

Шундай кунлардан бирида Элбек исмли ҳамқишлоғимиз “Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи бугун маҳалламизда сайёр қабул ўтказади, у барчага ёрдам бераяпти, боринг”, деди. Гарчи ишончим буткул сўнган бўлса-да, болам учун бордим. Генерал бобо яхши одам экан, ҳаммага ёрдам қилишга ҳаракат қиларди, менга ҳам иложи борича кўмак кўрсатишини билдирди.

Ана шундан сўнг Дўстлик тумани ички ишлар бўлими ходимларидан бири ўз машинасида мени болам билан Тошкент шаҳрига шифохонага олиб борди. У ерда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 3 йил кутишим кераклигини айтишди. Шифокорнинг олдидан йиғланганча чиқдим. Кўп ўтмай ўша ходим ўғлим ва мени Самарқанд шаҳридаги шифохонага элтди.

У ерда Нисо Турдибоева исмли шифокор кутиб олиб, кўнглимни кўтарди: “Опа мен Россиядаги шифохонада ишлардим, Президентимиз Ватанга қайтинглар, дегани учун келганман, худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади”. Ички ишлар органлари ходими шифохонада мени қолдирар экан, қўлимга озиқ-овқат, пул, телефон бериб, “Ўзимиз хабар олиб турамиз”, деди. Қаранг, одамгарчиликни...

Операция арафасида шифокор кўп қон керак бўлишини айтди, мен яна туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдим. Кўп ўтмай 10 нафар ходим етиб келди. Уларнинг ҳар бири 400 граммдан қон берди.

Жарроҳлик амалиёти 7 соат давом этди. Ҳаммаси яхшилик билан якунланди. Кейин билдим, 3- сектор томонидан шифохона ҳисоб-рақамига 22 миллион сўм ўтказилган экан. Уйга қайтганимиздан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров ўғлимдан хабар олиш учун уйимизга тўлиб-тошиб келди, боламга катта ўйинчоқ автомобиль совға қилди.

Ўзимни тутиб тура олмадим, жигарбандимнинг ҳаётини сақлаб қолганликлари учун йиғлай-йиғлай миннатдорчилик билдирдим. Ҳозир болам 1- синфда ўқияпти, соғлиги яхши. Яқинда туман ички ишлар бўлимидан қўнғироқ қилиб, “Самарқандда тиббий текширувдан ўтказиш учун яна пул ажратамиз”, дедилар. Айтганча, операция пайти ўғлимнинг қони тўлиқ янгиланди. Ҳозир унинг танасида ички ишлар органлари ходимларининг қони оқяпти.

Жавлонбегимга соҳа вакиллари жуда кўп ёрдам беришганиданми, келажакда ходим бўлмоқчи. Ҳамма яхшиликлари учун Ғайрат Қодировга, Дўстлик тумани ички ишлар бўлими жамоасига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. 

 

Наима ҚЎЛДОШЕВА,

Жиззах вилояти Дўстлик тумани

Саритепа маҳалла фуқаролар йиғини.

 

 

        

Text to speech