Болажонларга завқ улашиб...
Жиззах вилояти ИИБга қарашли “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳида болажонлар учун барча қулайликлар яратилган. Шунингдек, 12 кун давомида дам олувчиларнинг вақтларини мароқли ва унумли ташкил этиш учун турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари уюштирилиб борилаётир. Бу гал ҳам ИИВ Динамо жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда вилоят ИИБ томонидан “Спорт билан яша” шиори остида бир неча спорт турларидан беллашувлар ўтказилди. Мазкур спорт тадбирида ўғил-қизлар стол теннис, шахмат-шашка, футбол, волейбол, расм чизиш бўйича ўз маҳорат ва имкониятлари ҳамда истеъдодларини намойиш этишди.
Ҳозирда Туркистон тоғ тизмаси бағрида жойлашган мазкур оромгоҳда 130 га яқин болажонлар ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишмоқда. Спорт тадбири доирасида дошқозонда миллий таомимиз ош дамланиб, дам олувчиларга тортиқ қилинди. Шунингдек, мусобақалар ғолибларни тақдирлаш тадбирида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ҳамидулла Абдуллаев юртимизда ёш авлоднинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишлари учун юзага келтирилган шароитлар хусусида сўз юритди ва келажак эгаларининг мароқли ҳордиқ чиқаришларига ишонч билдирди. Шу билан бирга расм чизиш ҳамда спорт турлари бўйича беллашувлар иштирокчилари Жиззах вилояти ИИБ ҳамда ИИВ Динамо жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилоят Кенгашининг диплом, медал ҳамда совғалари билан тақдирланишди.
Тадбир давомида болажонлар томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилиб, куй-қўшиқларга рақслар ижро этилди.