Бош мақсад - маҳаллаларимизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш
Айни кунларда мамлакатимиз Президенти топшириғи асосида республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида бўлиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, қонунбузарликларга қарши курашиш, вилоят, шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти ҳамда давлат дастурларининг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан атрофлича танишмоқда.
Чунончи, ишчи гуруҳи томонидан вилоят марказидаги 19 минг 465 нафар талаба таҳсил олаётган Жиззах давлат педагогика институти фаолияти ўрганилди. Бу жараёнда ёшларнинг таълим олишлари учун яратилган шароитлар, хусусан, ўқув хоналари, спорт майдонлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, институтда фаолият юритаётган икки нафар профилактика инспектори ҳамда ёшлар етакчилари ва педагогик жамоа вакиллари билан суҳбатлар ўтказилиб, талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилди. Мазкур йўналишдаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, институт профилактика инспекторларининг ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижарада турадиган талабалар шароитини хонадонбай ўрганиш, талаба турар жойлари сиғимини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Сўнг ишчи гуруҳ Жиззах шаҳрининг «Жиззахлик» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказ фаолияти билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур марказда дастурчилик, тадбиркорлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устаси, пайвандчилик, электрчи, автокранчи, тикувчи, ошпаз, қандолатчи, бухгалтерлик, дурадгорлик каби 22 та йўналишда касб-ҳунар ўргатилмоқда. Хоҳловчилар инглиз, япон, корейс, рус тилларидан сабоқ олишаяпти. Бугунгача марказда 1 минг 121 нафар киши таълим олган. Меҳмонларга муассасанинг спорт тўгаракларига оид имкониятлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Айтганча, шу куни мономарказда ташкил қилинган меҳнат ярмаркасида 18 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди.
Ишчи гуруҳ Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штабига ҳам борди. Бу ерда вилоятнинг 3-секторидаги 80 та маҳаллаларида яшовчи 381 минг 51 нафар аҳолининг эҳтиёжманд қатламига жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 25 миллиард сўмлик кўмак кўрсатилгани билдирилди. Яъни асосий эътибор «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилганларга қаратилган. Яна ҳам аниқроғи, уларга меҳнат қуроллари ва субсидиялар ажратилиб, доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун шароитлар яратилган. Ўрганиш давомида сектор штабидаги ситуацион марказнинг имкониятлари баён этилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» деҳқон бозорида нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар сифатини ўрганди. Бу жараёнда жамоатчилик назоратини ташкил қилиш учун жалб қилинган оқсоқоллар билан мулоқот ўтказилиб, аҳолига сифатли ва арзон маҳсулотлар етказилишига қўшаётган ҳиссаси учун уларга Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан китоб жамланмалари совға қилинди.
Ишчи гуруҳ вакиллари Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида истиқомат қилувчи ҳовлисида 3 мингта товуқ парваришлаётган Азим Иномов, 2 сотих майдонга эга иссиқхонада лимон етиштираётган ҳамда жўжа очириш билан шуғулланиб, ҳовлисида 450 та товуқ боқаётган Муқаддас Хидированинг турар жойида бўлиб, маҳалла ишбилармонлари билан суҳбатлашдилар.
Худди шундай, вилоят марказининг «Ўратепалик» маҳалласидаги ички ишлар органлари таянч пунктида маҳалла оқсоқоллари, профилактика инспекторлари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича суҳбат ўтказилди. Айни мазмундаги мулоқот Жиззах шаҳрининг Маданият маҳалласида жойлашган 2-сектор штабида ҳам ташкил қилинди.
Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари Зарбдор туманининг «Янгиобод» маҳалласида жойлашган 168 нафар ўқувчи таълим олаётган 1-сонли эшитиш қобилияти бўлмаган болалар махсус мактаб-интернати ҳамда 228 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 2-сонли заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатида бўлиб, шароитларни кўздан кечирдилар. Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб ушбу ўқув муассасаларининг имкониятлари кескин ўзгарган.
Жумладан, болалар робототехника, IT сирларини ўзлаштиришаяпти. Шу билан бирга дурадгорлик, сартарошлик, пойабзал тузатиш, тикувчилик, ошпазлик каби ҳунарлар ўргатилмоқда. Ўқувчиларни энг замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик тадбирлар амалга оширилган.
Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Зарбдор туманининг 4 минг 173 киши истиқомат қиладиган «Равот» маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Маҳаллада томорқадан самарали фойдаланаётганлар, секторлар раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан мулоқотлар ўтказилди. Тадбиркорларнинг иш тажрибалари ҳудудда юзага келтирилган 17 та иссиқхона мисолида кўриб чиқилди. Айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида 44 нафар ишбилармон имтиёзли кредит билан таъминланган. Бундан ташқари ички ишлар органлари ва маҳалла фаоллари саъй-ҳаракати туфайли ҳудудда бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.
Ишчи гуруҳ аъзолари Зарбдор туманининг «Тинчлик» маҳалласида барпо қилинган кутубхона, ички ишлар органлари таянч пункти ва маҳалла фуқаролар йиғини биносининг очилиш маросимида қатнашдилар. Тадбирда кутубхонага бадиий адабиётлар топширилди. Аҳоли билан кечган мулоқотлар давомида асосий мавзу ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўлди. Умуман олганда, ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинмоқда.
Ишчи гуруҳи вилоятдаги фаолиятини давом эттиряпти.