12 Март 2022 йил 534

Бош мақсад – осойишталикни таъминлаш

Жиззах шаҳрида вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Шу маънода, профилактика инспекторлари ҳамда инспектор психологлар томонидан ўрта умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, 2- сонли ўрта умумтаълим мактабида илм маскани амалиётчи психологи ва директор ўринбосари иштирокида ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш даражаси ўрганилди. Шу билан бирга ўқувчиларга мунтазам дарсларга келиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, спорт билан шуғулланиш ва китоб ўқиш орқали билимларини бойитиб бориши кераклиги уқтирилди.

Шунингдек, жиноят содир этиб, ҳозирда Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси пробация бўлими назоратида жазо ўтаётган маҳкумлар, ов қуролига эга фуқароларнинг ўқ отар қуролларини сақлаш қоидаларига амал қилишлари ҳам кўздан кечирилиб борилаяпти. Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга эса ҳимоя ордерлари берилиб, белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилмоқда.

Жиззах шаҳрининг Оққўрғонлик маҳалласида профилактика инспектори тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари билан биргаликда уйма-уй юриш орқали фуқароларни қийнаб келаётган масалаларни ўрганди. Хонадон соҳиблари билан суҳбатда баён этилган мавжуд муаммолар бартараф этилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи ишбилармонларнинг эришаётган ютуқлари ва келгуси режалари билан ўртоқлашилди.

Маъмурий жавобгарлик билан боғлиқ ҳолатлар эса онлайн тарзда суд томонидан кўрилиб, ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Бу ҳам бўлса, профилактика инспекторларининг вақтини тежаш, иш унумдорлигини оширишда қўл келаяпти.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида шу каби профилактик тадбирлар давомида жами 147 нафар қаровсиз ва назоратсиз юрган вояга етмаган шахслар вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига, 44 нафар дайдиликда гумонланган шахслар суд қарорларига асосан вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига қарашли реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди. Бундан ташқари, 28 та жиноятлар фош этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган қарийб олти мингга яқин шахсларга тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, 1 нафар бедарак юрган фуқаро аниқланиб, 4 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Қисқаси, ҳудудларда профилактика инспекторларининг туну кунги хизматлари натижаси ўлароқ, жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталиги таъминланиб, содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олишга эришилаяпти. Қонун талабини бузганлар белгиланган тартибда жавобгарликка торилмоқда.

Text to speech