Бошқармаси бошлиғи фуқароларни қабул қилди
Ҳафтанинг ҳар шанба куни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўз шахсий қабулини ўтказади. Навбатдаги қабулга 27 нафар фуқаро келди. Мулоқотлар жараёнида улар томонидан бир қатор талаб ва таклифлар билдирилди. Чунончи, Шароф Рашидов туманининг Совунгарлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Темур Зоиров спорт зал учун бино ажратиш, мазкур туманнинг Зиёкор маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Фаррух Муллажонов тикувчилик цехини кенгайтириш юзасидан мурожаат қилди.
Шунингдек, ишга жойлашиш, мулкий низога барҳам бериш, ҳуқуқий ёрдам, қарздорликни ундириш, йўқолган мулкни топиш, имтиёзли асосда уй-жой олиш, фирибгар томонидан етказилган зарарни ундириш ва айбдорга чора кўриш борасида кўмак сўралди. Яна кимдир қўшнисининг хатти-ҳаракатларидан шикоят қилган бўлса, бошқа биров қариндошига нисбатан кўрилган ҳуқуқий чорадан норозилигини билдирди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи фуқаролар томонидан кўтарилган ҳар бир муаммога ечим топиш мақсадида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш, тергов каби соҳавий хизматлари ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штаби масъулларига топшириқлар берди.
Таъкидлаш керак, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вилоятнинг 3- секторидаги аҳоли пунктларида мунтазам сайёр қабуллар ўтказмоқда. Мазкур жараёнда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик учун субсидия ва кредитлар ажратиш, аёллар, ёшлар ва темир дафтарга киритилганларни ер ва иш қуроллари билан таъминлаш чоралари кўриляпти. Бу борада маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда.