28 Апрел 2022 йил 590

Бошқарма бошлиғи Даштободда сайёр қабул ўтказди

Зомин туманининг Даштобод шаҳрида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сайёр қабул ўтказди. Тадбир доирасида ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари иштирокида ёшлар фестивали ҳам уюштирилди. Рассомлар беллашуви, шахмат-шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар, китоб ярмаркаси, саноат маҳсулотлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил қилинди. 

Фестивалда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, вилоятнинг 3- секторида улғайиб келаётган авлод вакилларини тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берди.

Сўнг ёшларнинг 6 нафарига олий таълим контракт тўлови, 5 нафарига сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилиш тўлови тўланишига оид сертификатлар берилди. Икки нафар йигитга эса субсидия асосида ноутбук совға қилинди.

Худди шундай, 2 нафар фуқаролиги бўлмаган ҳамда 5 нафар вояга етган шахсга ID карталар тантанали равишда топширилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида фаол ёшлар сектор раҳбаридан фахрий ёрлиқлар олишди.

Сайёр қабул давомида Зомин туманининг Ғаллакор, Чилонзор, Нурафшон, Ўзбекистон, Бахт, Беруний, Бунёдкор маҳаллалари аҳолиси билан мулоқот ўтказилди. Мазкур жараёнда билдирилган муаммоларни ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ижро муддатлари белгиланди.

Шу куни 3- сектор раҳбари 100 иш ўрнига эга, бир суткада 400 тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга “Дал текник Зомин цемент” хорижий корхонаси ҳамда алюминий профилли эшик ва дераза ромлари, брусчатка, шлакоблок, темир-бетон маҳсулотлар ва мебель тайёрлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бу жараёнда ишбилармонлар томонидан билдирилган муаммоларга ечим топиш бўйича зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Text to speech