Бошқарма бошлиғи даштободликлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров Зомин тумани Ҳамид Олимжон маҳалласида аҳоли ва ёшлар билан учрашди. Сайёр қабул аввалида сектор раҳбари маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар билан танишди.
Хусусан, Бахт маҳалласида мебел ишлаб чиқариш цехи ҳамда паррандачилик фаолиятларини кўздан кечирди. Ишбилармонларнинг яратган иш ўринлари ва фаолиятни янада кенгайтиришга оид режалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва фаоллари, туман 3- сектор масъуллари билан суҳбатда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандлик масалаларини ҳал этиш, инфатузилмани яхшилаш, куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш бўйича вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг, Ҳамид Олимжон маҳалласи ҳудудидаги 25- ўрта умумтаълим мактаби ҳовлисида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ҳашарда 60 га яқин кўчатлар ўтқазилди.
Тадбирда тумандаги корхона ва ташкилотлар мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Фуқаролар ушбу иш жойлари билан танишиш асносида меҳнат шартномаси тузиш имкониятига ҳам эга бўлишди.
Қабул доирасида сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи икки кишига ногиронлик араваси, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда бир аёлга ўзини-ўзи банд қилиши учун субсидия асосида тикув мошинкаси, фуқаролиги бўлмаган бир шахсга фуқароликка қабул қилинганлиги муносабати билан ID карта, 2 кишига фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари топширилди. Бир гуруҳ эҳтиёжманд оилаларга вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳомийлик ёрдами кўрсатилди, фаол ва ташаббускор ёшлар фахрий ёрлиқ ҳамда совғалар билан тақдирланди.
Сектор раҳбарининг аҳоли ва ёшлар билан мулоқотида 40 нафарга яқин фуқаролар томонидан қатор муаммолар кўтарилди. Бахт, Нурафшон, Ҳамид Олимжон, Ўзбекистон, Улуғбек, Истиқлол, Туркман ҳамда Янгиобод туманининг Шодлик маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар ижтимоий-иқтисодий, маиший масалаларида кўмак сўрашди. Хусусан, Бахт маҳалласида яшовчи Сирожидди Қаршибоев ва Жамшид Михлибоевлар бандлик, Умиджон Эркабоев иссиқхона қуриш учун субсидия ажратилиши, нурафшонликлар эса ички кўчаларни таъмирлаш, электр тармоғи учун бетон таянч устунлари ўрнатиш, табиий газ тармоғига уланиш, ичимлик суви ўтказиш зарурлигини баён этишди. Ўзбекистон аҳоли пунктида яшовчи Мадина Худойбердиева тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратишда ёрдам сўради.
Мулоқот давомида, автомобил ҳаракатини тартибга солиш, ичимлик суви насосларини таъмирлаш, ўзини-ўзи банд қилиш учун субсидия, шифохонага тиббиёт ходими ажратилиши, уй-жой, моддий ёрдам ҳамда ҳуқуқий масалалардаги мурожаатларга ечим изланди. Қайд этиш жоиз, мурожаатларнинг аксарияти ички кўчалар таъмири, электр симёғочлар, табиий газ ва ичимлик суви билан боғлиқ бўлди. Хуллас, сайёр қабулда фуқаролар томонидан билдирилган барча масалалар тегишли ташкилот масъуллари иштирокида кўрилди.
Сайёр қабул сўнггида ишчи гуруҳ томонидан айрим масалалар жойига чиқиб ўрганилди. “Аёллар дафтари” да рўйхатда турувчи Қаноат Умарова айни дамда ўғлининг оиласи билан ижрада яшамоқда. Ҳамид Олимжон маҳалласи, Тафаккур кўчасидаги мавжуд участкасида уй қуришга ёрдам сўраган. Унинг мурожаати асосида ер майдони кўздан кечирилиб, муаммони ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати