Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан қўшма рейд ўтказилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда экорейд уюштирилди.
Жорий йилнинг 24 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамалакатимизда табиатни ҳимоялашга қаратилган фаолиятни кучайтириш мақсадида ички ишлар органлари тизимида экология полициясини ташкил этиш масаласи кўтарилган эди.
Мазкур йиғилишда белгиланган вазифа ва топшириқлар асосида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликни янада кучайтирди. Хусусан, 18 сентябр бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан назорат-рейд тадбирлари уюштирилди.
Дастлаб бажариладиган ишлар белгиланди. Шундан сўнг жойларда профилактик тадбирлар олиб борилди. Эски шаҳар буюм савдо комплекси ҳамда эски шаҳар деҳқон бозори ҳудуди кўздан кечирилганда қатор камчиликлар аниқланди. Савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда овқатланиш шоҳобчалари атрофларига тўпланган чиқиндиларни олиб чиқиш ва зарарсизлантириш бўйича масъуллар огоҳлантирилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари атроф тозалигига эътибор қаратишлари, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилиши тушунтирилди.
Оққўрғонлик маҳалласида ўтказилган ўрганишларда маҳалла фуқаролар йиғини идораси олдидаги бинонинг қурилиш чиқиндилари вақтида олинмаганлиги, унинг кўлами эса маиший чиқиндилар билан кенгайиб бораётгани маълум бўлди. Ишчи гуруҳ томонидан қурилиш объекти масъуллари, атрофдаги овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳудуд ободлигини таъминлаш бўйича огоҳликка чақирилди.
Бу каби экорейдлар мунтазам ташкил этилиши белгиланган. Назорат тадбирларида дарахтларни кесиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўплаш, ташлаб кетиш ҳамда вақтида олиб чиқмаслик ҳолатлари бўйича қонунбузарларга тегишли жазо чоралари кўрилади.