2 Феврал 2022 йил 455

Cектор раҳбари “Обод маҳалла” дастурида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Пахтакор, Дўстлик, Зафаробод, Арнасой, Мирзачўл туманларида бўлиб, аҳоли пунктларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров дастлаб Пахтакор туманининг Нурли пангат қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлди. 3- сектор раҳбари бу ерда “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Айни пайтда ҳудуддаги 18 та кўчага шағал ётқизилмоқда.

Худди шундай, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш, ариқларни тозалаш чоралари кўрилмоқда. Аҳоли билан мулоқот давомида ҳудудда кўприк қуриш, сунъий қопламали стадион, кутубхона барпо этиш, мавжуд спорт залидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар билдирилди. Мазкур мурожаатларга ечим топиш мақсадида масъулларга топшириқлар берилди.

Шу куни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дўстлик туманининг Саритепа маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Мазкур маҳаллада ҳам кўчаларга шағал ётқизилмоқда. Бугунгача 1 минг 800 метрга йўлга шағал тўшалган. Бу жараёнда 3- сектор масъуллари транспорт масаласини ҳал қилган бўлсалар, аҳоли шағални ётқизиш учун ҳашар уюштирмоқда. 3- сектор раҳбари ҳудуддаги 14- сонли мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлар билан танишди. Мазкур жараёнда муассасани электр билан таъминлашда камчилик борлиги аниқланди ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи маҳаллага электр трансформатори ўрнатиш юзасидан топшириқ берди. Шунингдек, Саритепадаги 14 та кўп қаватли уйлар теварагида пиёдалар йўлакчаси қурилади, яроқсиз ҳолга келган 40 та симёғоч ўрнига устун ўрнатилади.  

3- сектор раҳбари Зафаробод туманидаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди. Айни кунларда мазкур ҳудудда симёғочлар, электр тармоқлари ҳамда трансформатор янгиланмоқда. Ҳудуддаги турар жойлар ва инфратузилма объектлари таъмирдан чиқарилиши режалаштирилган. 3- сектор раҳбари тумандаги 160 мингта жўжа парваришланаётган паррандачилик цехи фаолиятини ўрганди. Темир дафтарга киритилган 40 нафар фуқаро ишлаётган мазкур тадбиркорлик субъектига ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши билдирилди.   

3- сектор раҳбари Арнасой туманининг Мирзо Бобур маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи маҳалладаги томорқадан самарали фойдаланаётган, ҳовлида паррандачилик, тикувчилик, савдо каби йўналишларда фаолият юритаётганлар иши билан танишди. Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманда амалга оширилаётган ободонлаштириш жараёни билан қизиқди. 3- сектор раҳбари 9500 та адабиётга эга туман марказий кутубхонасида ҳам бўлди.

Шу куни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Мирзачўл туманининг Ўзбекистон маҳалласига борди. Бу ерда сектор раҳбари оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилган хонадонларда бўлди. Сектор масъуллари қайси ҳудудда бўлишмасин, тадбиркорлик билан шуғулланаётганларга кўмак кўрсатиш чораларини белгилашаяпти. Бу борада ҳоким ёрдамчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётир.   

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech