8 Апрел 2022 йил 479

Cектор раҳбари аҳоли шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зомин туманининг 3- секторида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар билан танишди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи ҳудуддаги 1- сонли ички ишлар бўлими қурилишини кўздан кечирди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров дастлаб Зомин туманинг 3- секторидаги Абу Райҳон Беруний номли маҳаллада “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган ҳудудда бўлди. Айни вақтда мазкур боғдаги дарахтларни суғориш учун 40 метр чуқурликдан сув чиқариш чоралари кўрилмоқда. 3- сектор раҳбари Зомин тумани ички ишлар бошқармаси масъулларига экилган кўчатларни парваришлаш ҳамда ниҳоллар сонини ошириш бўйича тавсиялар берди.

Шундан сўнг “Жиззах сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг Зомин тумани бўлимига қарашли Даштобод сув узатиш иншоотида бўлинди. Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ҳамда Бунёдкор маҳаллаларини ичимлик суви таъминловчи мазкур иншоотдаги мавжуд 4 та сув узатиш қурилмаси тўлиқ янгиланмоқда. Шунингдек, иншоот ҳудудида 100 метр узунликдаги қувурлар алмаштирилади. Бино ҳамда жами 1000 тонналик сиғимга эга 2 та ҳавза таъмирланади. 3- сектор раҳбарига қурувчилар қисқа муддатларда Даштобод шаҳридаги 3 та маҳаллада ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар тўлиқ бартараф этилишини билдирдилар.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абу Райҳон Беруний номли маҳалладаги қурилиши тўхтаб қолган истироҳат боғига борди. Бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини давом эттиришда ёрдам сўралди.

3- сектордаги Ҳамид Олимжон маҳалласида эса 13,8 километр узунликдаги 7 та кўчага шағал ётқизилмоқда. Шунингдек, қарийб 14 километр масофага ичимлик суви қувурлари тортилади. Ҳудуд аҳолиси томонидан қўшимча йўл қуриш учун рухсат олиш ҳамда ўрта умумтаълим мактаби қаршисидаги йўлда ҳаракат хавфсизлигини кучайтиришга оид муаммолар кўтарилди.

Шу куни 3- сектор раҳбари Нурафшон маҳалласидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти билан танишди. Мазкур шохобчанинг 6 нафар устаси томонидан 2- сонли касб-ҳунар мактабининг 4 нафар ўқувчиси шогирдликка олинган. Улар мактабни тамомлаганларидан сўнг шу ерда иш билан таъминладилар. Ғайрат Қодиров ушбу тажрибани оммалаштириш бўйича 3- сектор масъулларига топшириқ берди. Мулоқотлар якунида аҳоли томонидан билдирилган муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Бошқарма бошлиғи Сўфимозор маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилаётган 1- сонли ички ишлар бўлими биноси қурилиши билан ҳам танишди. Иморатда бўлим бошлиғи, суриштирувчи, тезкор вакил, профилактика инспектори ҳамда навбатчилик қисми ходимлари учун яратилаётган имконият ва шароитлар ҳақида маълумот берилди. Қурилиш ишларини июль ойида якунлаш кўзда тутилган. 3- сектор раҳбари ҳудудни ободонлаштириш бўйича тавсиялар билдирди ва бўлим ҳовлисида бошланган дарахт экиш ишларида қатнашди.    

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech