7 Март 2025 йил 1328

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

 Жиззах вилояти ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган барча хотин-қизларни бугунги баҳор ва нафосат байрами билан чин дилдан қутлайман. Ҳурматли ҳамкасблар, фарзандлар тарбияси ва оила юмушларидан ортиб, элнинг осойишталигини асраш йўлида фидойилик кўрсатаётганлигингиз барчамизда бирдек фахр ва ғурур уйғотади.

 Ҳеч кимга сир эмаски, юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаолигини кучайтириш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва роли тобора ортмоқда. Хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлардан ҳамкасбларимиз ҳам самарали фойдаланаётир.

Жумладан, соҳа вакилаларининг 5 нафари олий ўқув юртларида таълим олаяпти. 2 нафари иккинчи мутахассисликни эгаллаётир, 3 нафари илмий иш ёқлаш мақсадида изланиш ва тадқиқотлар олиб бормоқда. Худди шундай, орамизда  Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Тунис, Германия, Франция ва Японияда бўлиб ўтган паралимпия халқаро мусобақалари ҳамда Жаҳон ва Осиё чемпионатларида 5 та олтин ҳамда 2 та кумуш медални қўлга киритган, параосиё ўйинлари рекордчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Ёқутхон Холбекова сингари иқтидорли қизларимиз бор.     

Яна шуниси аниқки, эркаклар билан бир сафда олиб бораётган хизматингиз давлатимиз раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, ўтган йили бир нафар ҳамкасбимиз республикамиз Президентининг фармони асосида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Аёлларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Чунончи, вазирлигимиз томонидан 4 нафар ходимага уй-жойини таъмирлаш учун фоизсиз қарз, 1 нафар ходимага уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадал тўлови, 3 нафар ходимага автокредит ажратилди.

Аминманки, бу каби  эзгу ишлар жорий “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да янада кенгроқ кўламда давом эттирилади. Сўзим якунида сизларни 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга файзу барака тилайман. Ҳамиша яқинларингиз, элимиз ардоғида бўлиш насиб этсин! Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда “Сизлар биз учун ҳамиша гўзаллик ва назокат, меҳр ва садоқат, қаноат ва шукроналик тимсоли бўлиб келгансиз ва доимо шундай бўлиб қоласиз”.


Text to speech