13 Ноябр 2023 йил 2089

Дўстликда ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди

          Дўстлик туманида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, иқтидор ва истеъдодларини намоён этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Туманнинг Саноатчилар маҳалласида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда маҳаллалар бешликлари иштирокидаги учрашув аввалида ташкил қилинган спорт турларидан беллашувлар ва кўнгилочар дастурлар мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин. Хусусан, стол тенниси, шахмат бўйича мусобақаларда маҳалла ўғил-қизлари ғолиблик учун курашишди. Гулхан атрофида эса қўшиқлар куйланди. Мазкур тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи, полковник Олим Бобоевлар ҳам қатнашишди. Шу билан бирга яқиндан таъмирдан чиқарилган маҳалла фуқаролар йиғинида давлат хизматчиларига яратилган қулайликлар кўздан кечирилди.

Бундан ташқари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хотин-қизлар билан ишлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маҳалла раиси ва фаолларнинг иши таҳлил қилинди.

Маҳалла ёшлари билан ўтган учрашув аввалида ёшларнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари учун берилаётган имконият ва имтиёзлар, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган тадбирлар хусусида сўз юритишди.

Учрашувда, шунингдек жорий йилнинг ўтган даврида ҳудуд ёшлари томонидан содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди. Келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қийнаётган масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Кўтарилган муаммоларни жойида бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Тадбир якунида тунги хизматга жалб этилган ички ишлар органлари ходимлари билан мулоқот қилган вилоят ИИБ бошлиғи профилактик ишларни жонлантириш, осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жараёнда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш лозимлигини уқтирди. 

Text to speech