22 Ноябр 2022 йил 505

Дўстликда хизмат интизомини мустаҳкамлашга бағишланган учрашув ўтказилди

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан туман ички ишлар органларида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликни таъминлашга қаратилганч учрашувлар ўтказилмоқда.

Дўстлик тумани ички ишлар бўлимида ташкил этилган йиғилишда туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳамда уларнинг оиласи ва ота-оналари иштирок этишди. Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Хамидулла Абдуллаев ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва осойишталикни таъминлаш борасидаги хизматларини эътироф этди.

Шунингдек, хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун яратилаётган қулайликлар айтилди. Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими масъули хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида шахсий хавфсизлик тизими билан ҳамкорлик қилиш ҳамда кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.

Тадбир давомида қонунийликни таъминлаш, қўполлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суъистемол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, соҳанинг айрим вакиллари томонидан содир этилган қонунга зид хатти-ҳаракатлар ва уларнинг оқибатлари хусусида сўз юритилди.

Бундан ташқари, ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш, фуқаролар билан муомала маданиятини яхшилаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тамагирлик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги уқтирилди. Йиғилиш давомида шахсий таркибга қонунчиликни бузган ва ҳозирги вақтда озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаётган собиқ ходимлар тўғрисида тайёрланган “Надомат” номли видеофильм намойиш этилди.

Бу каби учрашувлар жойларда давом этмоқда.

Text to speech