6 Феврал 2022 йил 613

Экологик ҳуқуқбузарликка қарши курашилмоқда

Жиззах вилоятида муҳофаза этилаётган табиий ҳудудларда давлат экологик назоратини амалга ошириш, ноқонуний ов, балиқ овлаш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни териш-йиғиш каби қонунбузарликларга қарши кураш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жорий йил 15 янврдаги “Жиззах вилояти Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудини муҳофза қилиш ҳамда ноқонуний балиқ овлашнинг олднини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига туташ бўлган Фориш, Зафаробод, Арнасой ва Мирзачўл туманларида тезкор гуруҳлар томонидан махсус профилактик тадбири ўтказилаяпти.

Тадбирларда вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан бир қатор қонунбузарликлар аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Чунончи, Мирзачўл туманининг Тошкент маҳалласи ҳудудида ҳаракатланаётган, Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Дамас” салонидан 20 килограмм, Гулзор маҳалласида Сирдарё вилояти Оқолтин туманида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги “ВАЗ-2121” русумли автоуловда 22 килограмм балиқ борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу балиқлар ноқонуний равишда “Айдар-Арнасой” кўлида тутилган.

Мазкур махсус профилактик тадбир давомида ноқонуний овланган 75 килограмм балиқ, 2 та қайиқ, 3 та транспорт воситаси, 2 та мототранспорт ҳамда 6 та рухсат этилмаган тўр ҳужжатлаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, вилоят ҳудудида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик назорат сохасида давлат органлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида Жиззах шаҳри ва туманларда ҳам рейд тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар, савдо, хизмат кўрсатиш ҳамда овқатланиш шаҳобчалари атрофларига чиқиндиларни ташламаслик бўйича масъуллар огоҳлантирилаяпти.

Атроф тозалигига эътибор қаратиш, ҳудуд ободлигини таъминлаш, дарахтларни кесмаслик, акс ҳолда тегишли тартибда жавобгарликлар белгиланиши тушунтирилаётир. Навбатдаги назорат тадбирларида ҳам бир қатор қонунбузарликлар аниқланди.

Хусусан, Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги қир ва адирликлардан тошларни қазиб олиш ва ташиб кетиш билан боғлиқ 2 та ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ушбу туман тиббиёт бирлашмасида эса маиший ва тиббиёт чиқиндилари аралаштирилган ва ҳудуддан олиб чиқиш ва зарарсизлантириш чоралари кўрилмаганлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан масъулларга жавобгарлик чоралари кўрилди.

Махсус профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech