Эксперт-криминалистлар беллашди
Жиззах вилояти ИИБ эксперт-криминалистика тизими ходимлари ўртасида “Энг яхши эксперт-криминалист” кўрик-танлови уюштирилди. Мазкур жараёнда соҳа вакилларининг интелектуал, жисмоний ва жанговор тайёргарлиги учта шарт асосида синовдан ўтказилди.
Жумладан, уларнинг маънавий билимлари, хизматга оид тажриба ва кўникмалари тест асосида синалди. Шунингдек, иштирокчилар автоматик қурол ҳамда тўппончани тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғишга доир малакаларини намойиш қилдилар. Бундан ташқари хакамлар ҳайъати экспертларнинг соҳага доир махсус ва касбий билимларни қай даражада эгаллаганликлари, фаолияти давомида эришган натижалари ҳамда хизматга оид меъёрий хужжатларни юритилишини атрофлича ўрганиб, баҳоладилар.
Натижаларга келадиган бўлсак, Жиззах вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази катта эксперти, катта лейтенант Камол Орифов биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Зарбдор тумани ИИБ ЭКГ катта эксперти, майор Ёрқин Эргашев ҳамда Арнасой тумани ИИБ ЭКГ катта эксперти, лейтенант Жаҳона Аҳророваларга насиб этди. Энди мазкур учлик республика миқёсида ўтказиладиган “Энг намунали эксперт криминалистика жамоаси” кўрик-танловида қатнашади.