Экспертларга “Кримналист” чемодани топширилди
Тергов ва суд ҳаракатларида далилларни тўплашда замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқларини, хусусан криминалистик илмий усул ва воситаларни қўллаш амалиётини янги босқичга олиб чиқиш, ички ишлар органларида эксперт-криминалистика хизмати моддий техника базасини такомиллаштириш, ходимлар касбий тайёргарлигини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 февралдаги “Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Жиззах вилояти ИИБда шаҳар ва туманлар ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳи экспертлари иштирокида ўтказилган тадбирда ушбу қарорда белгиланган вазифалар, улар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар тилга олинди ва экспертларга ушбу замонавий “Криминалист” чемодани топширилди.
Тадбир давомида мазкур чемодан ичида бўлган анжомлар, уларнинг техник тафсилотлари ва афзалликлари, ҳодиса жойини кўздан кечиришда фойдаланиш усуллари ҳам тушунтирилди.
Шу куни янги криминалистик ўқув лабораториясида ўқув машғулоти уюштирилди. Тадбирда ҳар хил турдаги дактилоскопик кукунларни юзалар ва излар қолдирилиши мумкин бўлган жойлардан қай тартибда олиш ва ишлатилиши бўйича ходимларнинг билим ва кўникмалари оширилди.