Эл дардини аритиб...
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули Шароф Рашидов туманида бўлиб ўтди. Дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманининг 4 та сектори масъуллари билан биргаликда 23 мингдан ошиқ экспонтга эга Жиззах вилояти тарихи ва маданияти музейининг шароитлари билан танишди. Мазкур жараёнда муассаса фаолияти, бу ерда сақланаётган Жиззах вилояти табиати, тарихи, санъати, халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳамда таниқли шахсларнинг ҳаёти, ижоди ва меҳнатига оид маълумотлар берилди.
Шундан сўнг сектор масъуллари Жиззахлик маҳалласида жойлашган “Зомин асали” масъулияти чекланган жамиятига борди. Айтиш жоиз, мазкур кичик корхона томонидан қайта ишланаётган асал Бирлашган Араб Амирликларига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, яқин орада Хитойга 50 тонна маҳсулот сотиш режалаштирилган.
Тадбиркор Ғайратхўжа Аҳмедов Польшадан келтирилган асални қайта ишлаш технологияси хусусида маълумот берар экан фаолиятини кенгайтириш учун 200 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ҳамда ер майдони зарурлиги, бу маблағ хориждан қадоқлаш линиясини келтириш, асалари қутиларини ташувчи тиркамалар ясашни йўлга қўйиш учун йўналтирилишини билдирди. Мазкур масалалар туман ҳокимлиги ёрдами билан қисқа муддатларда ҳал қилиниши белгилаб олинди.
3- сектор раҳбари 1- сонли касб-ҳунар мактабида ҳам бўлиб, бу ердаги касбга йўналтириш курслари фаолияти билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур курсларда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган 43 киши таълим олмоқда. Улар 2 ой давомида тикувчилик, автомобилларни таъмирлаш, мебель ясаш сирларини ўзлаштиришади.
Бу даврда ўқувчилар ойига 509 минг сўм миқдорида стипендия билан таъминланади. Курс якунида эса касб эгаллаганликлари тўғрисида сертификат ҳамда имтиёзли кредит олишади. Айтганча, курс вақтининг 30 фоизи назарий билимларни эгаллашга, 70 фоизи эса амалиётга сарфланади.
Касб-ҳунар мактаби фаолияти билан танишиш жараёнида 3- сектор раҳбари бу ерда чилангар ва пайвандловчиларни тайёрлаш таклифини билдирди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи касб-ҳунар мактаби биносида мебель цехи фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркор Элбек Неъматов билан ҳам мулоқот ўтказди. Бу жараёнда Элбек имтиёзли кредитга эҳтиёжи борлигини маълум қилди. Масала ҳал қилиниши учун тадбиркорга банк вакили бириктирилди. Айтганча, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан автомобиль созловчилар курсида таълим олаётган ёшлар “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги автомобиль заводига саёҳатга борадиган бўлишди.
Сайёр қабул ҳудуддаги 11- сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Тадбир аввалида фуқаролиги йўқ шахслар ҳамда ёшларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари “Темир дафтар”га киритилган 6 киши маиший электротехника жиҳозларига эга бўлди.
Сектор масъуллари ҳудудда уюштирилган китоблар кўргазмаси, 5 муҳим ташаббус асосида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишдилар. Бу жараёнда мактаб ўқувчилари 3- сектор раҳбаридан китоблар, 30 дона спорт кийими ва анжомларини қабул қилиб олишди.
Аҳоли билан мулоқотлар давомида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони, кредит, бино ажратиш, светофор ва йўл белгилари ўрнатиш, ишга жойлашиш, йўл қуриш ва таъмирлаш, турар жой барпо этиш учун ер, қурилиш материаллари ва моддий ёрдам олиш, электр устунларини янгилаш, сув ва газ таъминотини яхшилаш каби муаммолар кўтарилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров ва бошқа секторлар масъуллари томонидан муаммоларни иложи борича жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди.
— Сайёр қабул давомида балиқчилик хўжалиги очиш ниятим борлигини, бунинг учун 30 миллион сўм кредит зарурлигини билдирган эдим, — дейди Жиззах политехника институти талабаси Шаҳло Ҳошимова. — Бу масала ҳокимлик ва банк вакиллари томонидан шу жойнинг ўзида ўрганиб чиқилди ва менга 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Бунинг учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғидан миннатдорман.
Худди шундай, туманнинг Совунгарлик маҳалласида истиқомат қилувчи Азиза Нурматова ҳамда Жиззахлик маҳалласида яшовчи Мадина Умароваларнинг мурожаатлари асосида кредит расмийлаштирилиб, уларга тикув машиналари топширилди. Умуман олганда, мазкур сайёр қабулда Шароф Рашидов туманининг Жиззахлик, Хавастлик, Совунгарлик, Бобур, Туёқли, Маданият, Ёшлик, Зиёкор маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларининг 40 дан ошиқ муаммо ва масалаларини ҳал этиш чоралари белгиланди.
Сайёр қабул давомида мамлакатимиз Президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан вилоятда ишга туширилаётган корхоналар, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган кўламли лойиҳалар, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш мақсадида яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Роstdа” мухбири.
Жиззах вилояти.