Ёш ходимларнинг билими синалди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар органларининг ёш ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида сўз олган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев мамлакатимиз мудофаа қудратини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, нотиқ республикамиз Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарорининг ижроси бўйича ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган тадбирларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг танловда қатнашган 35 нафар ёшнинг заковати 3 та шарт асосида синалди. Чунончи, дастлабки шартда ёшлар тест асосида берилган 25 та саволга жавоб топдилар. Кейинги шартда ички ишлар органларининг ёш ходимлари жаҳон ва миллий адабиётимизга оид 3 та саволга жавоб қайтаришди. “Мен севган қаҳрамон” эса шартида юраклардан чуқур жой олган бадиий асарлар қаҳрамонлари тавсифланди.
Ички ишлар органлари ходимларининг билимлари Жиззах давлат педагогика институти, ИИВ Жиззах академик лицейи, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Натижаларга келадиган бўлсак, 1- ўринни Зомин тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги 1- сон ички ишлар бўлими суриштирув гуруҳи суриштирувчиси, лейтенант Нодирбек Асқаров қўлга киритди. Иккинчи ўринни Янгиобод тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Бердиёр Муродқулов эгаллади. Учинчи ўрин эса Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектор-психологи, лейтенант Моҳинур Ғозиевага насиб қилди.
Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва совғалар билан рағбатлантирилди. Якунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган концерт уюштирилди.