21 Феврал 2023 йил 556

Ёшлар гиёҳвандликка қарши

Айни кунларда ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг тарқалишига қарши курашиш тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда гиёҳванд воситаларига қарши қаратилган тадбирлар ҳар қачонгидан кучайтирилиб, тарғиботлар уюштирилаяпти. Хусусан, Жиззах давлат педагогика университетида ўтказилган тадбирда ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноятлар, хусусан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қонунбузарликлар хусусида маълумотлар берилди.

Таъкидландики, гиёҳванд модда инсон саломатлиги учун жиддий хавф солиб, унинг ҳам ақлан ва жисман мажруҳ бўлишига олиб келади. Гиёҳванд моддани истеъмол қилган киши унинг қулига айланиб, бор бисотини ана шу иллат учун йўқ қилади. Кишини жиноят йўлига бошлайди. Тадбирда шулар хусусида сўз бориб, тинч-тотув оилани пароканда қилишга сабаб бўлувчи гиёҳвандликнинг салбий оқибатларидан хабардор бўлиши ва унга қарши ҳар бир киши курашиши лозимлиги қайд этилди. Йиғилишда мавзуга оид буклетлар ҳам тарқатилиб, гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари ҳақида видеороликлар намойиш этилди.

Худди шундай Жиззах политехника институти талабалари иштирокида ҳам тарғибот ишлари олиб борилди. Тадбирларда гиёҳванд воситаларининг турлари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг инсон саломатлиги салбий таъсири тушунтирилди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида ёшлар иштирокида ўтказилмоқда.

Text to speech