28 Апрел 2021 йил 955

Ёшлар маънавиятини юксалтириш йўлида

Шу кунларда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан барча шаҳар ва туманлардаги 3- сектор ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманларида ташкил этилди. Ўрта умумтаълим мактаблари ўқувчилари, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбир аввалида юртимизда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан ёшларнинг билим олишлари, касб эгаллашлари ва уларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришга қаратилган лойиҳалар ҳақида маъулотлар берилиб, ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлиги ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ўрни эътироф этилди.

Тадбирда санъаткорлар ҳамда ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчиларининг Ватанимизни, халқимизни улуғловчи концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари ўз истеъдодларини кўрсатдилар. Худди шундай, йиғилганларга вилоят ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг жанговар чиқишлари маъқул келди. Отряд ходимлари жиноятчиларни қўлга олиш ва уларни зарарсизлантириш, жанговар қуроллардан фойдаланиш ҳамда қўл жангига оид маҳоратларини намойиш қилдилар.

Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати ходимларининг хизмат итлари ёрдамида жиноятчиларнинг изига тушиш, уларни тутиш, қурол-яроғ ва наркотик моддаларни қидириб топишга доир кўргазмали чиқишлари ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Ёшлар ички ишлар органлари ходимлари фойдаланувида бўлган қурол-яроғлар билан яқиндан танишиб, қурол ва аслаҳалар ҳақидаги билимларини бойитдилар.

Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўлими ходимлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан аёллар билан суҳбатлар ўтказилди. Мулоқотлар натижасига кўра вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш ва реаблитация этиш сайёр автобусида мутахассислар томонидан аёлларга ҳуқуқий-психологик ёрдам берилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech