2 Сентябр 2022 йил 531

Эътибордан диллар шод, кўнгиллар обод

Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда 3- сектор ҳудудида яшовчи 16 нафар ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этдилар. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида бўлиб ўтган мазкур йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз таълим тизимида кечаётган ислоҳотлар, ёшларга қаратилаётган эътибор, уларни ижтимоий ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳамда улғаяётган авлод вакилларининг эл-юрт олдидаги масъулияти хусусида тўхталдилар.

Шундан сўнг “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг 16 нафар фарзандларига мактаб формаси, сумка ҳамда 8 турдаги ўқув қуроллари топширилди. Табиийки, янги ўқув йили олдидан берилган бу совғалар болалар ва уларнинг ота-оналарига қувонч бахш этди.  

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда ёшларнинг билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ҳамда уларни иш билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида халқаро миқёсда юқори натижаларни қўлга киритаётганлар сони ошиб бормоқда. Худди шундай, болалар ва ёшларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг таълим олиш шароитларини қулайтириш чоралари кўриляпти.

Қисқаси, бу заминда яшаётган ҳар бир инсон эътибордан четда қолмайди. Вилоятнинг 3- секторида эзгуликка йўғрилган тадбирлар давом этмоқда. Зеро, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”.

Text to speech