Фаол заковатчилар ғолиб бўлди
Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари, Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ва Жиззах академик лицейи ўқувчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Жиззах шаҳридаги Версал тантаналар мажмуасида ўтган тадбир аввалида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев сўзга чиқиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан соҳа вакилларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган маънавий-маънавий тадбирлар тўғрисида атрофлича тўхталди. Шу билан бирга ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, китобхонликни янада оммалаштиришда бу каби беллашувларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари, Жиззах шаҳар ва Зомин тумани ички ишлар бошқармалари, барча туманлар ички ишлар бўлимлари, Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантлари ва Жиззах академик лицейи ўқувчилари ҳамда соҳа фахрийларидан иборат 20 та жамоа беллашишди. Қатнашчилар низом асосида икки босқичда жами 30 та саволга жавоб беришди.
Беллашувлар давомида ички ишлар органлари ходимлари ўз билим ва иқтидорларини намойиш қилишга астойдил ҳаракат қилдилар. Шу маънода, интеллектуал ўйин қизиқарли кечди.
Таъкидлаш жоиз, ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал ва профекссионал билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб бориш, билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шароит яратиш, уларни муносиб рағбатлантириш, илмни қадрлаш, билим олишга интилиш каби тушунчаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу маънода вилоят ички ишлар бошқармасининг барча таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида “Заковат” интеллектуал ўйинларида иштирок этувчи жамоалар фаолияти йўлга қўйилган. Интеллектуал ўйинларни ўтказиш жараёнида эса ёшлар, иқтисодчилар, хотин-қизлар, фахрийлар каби жамоалар ташкил этилиши қўллаб-қувватланиб, вилоят босқичи ғолиблари учун қатор имтиёз ва имкониятлар берилади ва муносиб рағбатлантириб борилади.
Қизиқарли кечган мазкур зукколар беллашуви якунида Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармасининг “Соҳибқирон” жамоаси ғолиб деб топилди ва бошқарма бошлиғи кубогини қўлга киритишди. Тадбирда, шунингдек 2 ва 3 ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда “Энг зукко гуруҳ аъзоси”, “Энг фаол заковатчи” номинациялари бўйича иштирокчилар муносиб тақдирланди.