Фаолият таҳлил этилди
Икки кун давомида республика Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида бўлиб, ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда пробация хизматларининг фаолиятини атрофлича ўрганди. Бу жараёнда асосий эътибор қонунбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этиш борасидаги фаолият самарадорлиги ҳамда шахсий таркибда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳакамлаш масалаларига қаратилди.
Мазкур ўрганиш натижалари республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев раҳбарлигида кўриб чиқилди. Вазир ўринбосари дастлаб Пахтакор тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси биносида бўлиб, ходимларнинг ишлашлари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш бўйича яратилган шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг Зафаробод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штабида Арнасой, Мирзачўл, Пахтакор, Дўстлик, Зафаробод туманлари ички ишлар бўлимлари жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари ҳамда профилактика инспекторлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди. Тадбирда сўз олган республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ички ишлар органлари тизимидаги ўзгаришлар тўғрисида атрофлича тўхталди.
Жумладан, нотиқ тизим моддий техника базасини кучайтириш, соҳа вакиллари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш ҳамда профилактика инспекторларини хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида автуловлар билан таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳамда амалга оширилиши кўзда тутилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари ҳар бир профилактика инспекторининг кунлик фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилиши ва шунга асосан ходим рағбатлантирилиши ёки унга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши баён қилинди.
Сўнгра вилоятда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар танқид остига олиниб, ўз вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйган бир қатор ходимлар қатъий тартибда огоҳлантирилди. Шунингдек, профилактика инспекторлари фаолияти туманлар кесимида ҳамда криминоген вазиятга кўра таҳлил қилинди. Муҳокама натижаларига кўра инспектор психологлар хизмат самарадорлигини ошириш, давлат идоралари, хусусан, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Хизматга масъулият билан ёндашиш, таъмагирлик, лоқайдлик каби иллатларга йўл қўймаслик, илғор тажрибалар ҳамда замонавий ахборот коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиш, гиёҳвандлар, ичкиликбозлар, жиноятга мойил шахслар, фарзанд тарбиясига бефарқ ота-оналар билан ишлаш, васийлар ихтиёридаги болаларни назоратга олиш юзасидан ҳам тавсиялар билдирилди. Ўз навбатида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида ҳамкасбларига алоҳида намуна бўлаётган профилактика инспекторлари фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари ҳамда совғалар билан тақдирланди.
Шу куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев Жиззах шаҳрида ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматлари ходимлари, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби ҳамда Миллий гвардиячилар иштирокида ўтказилган кечки йўриқномада қатнашди.
Тадбирда вазир ўринбосари жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган энг муҳим вазифаларга оид мулоҳазаларини баён этди. Худди шундай, ҳуқуқ-тартибот идораларининг салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотларга тўхталди.
Йўриқнома давомида ўз хизматларини сидқидилдан ўтаётган ички ишлар органларининг патруль-пост ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ходимлари ҳамда Миллий гвардиячилар Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ҳам совғалари билан тақдирланди. Шундан сўнг йиғилганлар тунги хизматга чиқиб кетишди.
Эртаси куни эса Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Бахмал, Фориш, Шароф Рашидов туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда профилактика инспекторлари иштирокида ўтган тадбирда вазир ўринбосари томонидан жамоат хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда пробация хизматлари фаолиятида кузатилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилишда қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларни фош қилиш борасида эришилаётган натижалар ҳам эътироф этилди. Шу маънода, ҳамкасбларига ҳар жабҳада ибрат бўлаётган ходимларга фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари топширилди. Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди.
Якунда Пахтакор тумани ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати шахсий таркиби республика Ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган “Nexia-3” автоулови калитини қабул қилиб олишди. Айни мазмундаги йиғилиш Зомин туманида ҳам бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Зомин, Зарбдор, Янгиобод туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва профилактика инспекторлари қатнашдилар. Вилоятда ўтказилган йиғилишлар давомида 6 та туман ички ишлар бўлимлари жамоат хавфсизлиги хизматларига компьютер жамланмалари топширилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.