Фаолият танқидий таҳлил этилди
Мамлакатимиз Президенти топшириғи асосида республика идоралараро ишчи гуруҳи ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, қонунбузарликларга қарши курашиш, вилоят, шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти ҳамда давлат дастурларининг ижросини таъминлаш борасида Жиззах вилоятида амалга оширилган ишларни ўрганиб чиқди. Бир ҳафта давом этган ўрганиш натижалари Жиззах вилояти ҳокимлигида муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги масъуллари ҳамда Жиззах вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, бошқарма ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган тадбир аввалида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев чиқиш қилди. Нотиқ шаҳар ва туманлардаги секторлар масъуллари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, криминоген вазиятни юмшатиш борасидаги камчиликларга тўхталди. Шунингдек, йиғилганлар эътибори ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турганларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишлари чораларини кўриш, инвестиция ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш билан боғлиқ масалаларга қаратилди.
Тадбирда сўз олган Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ҳамда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан «қизил» ва «сариқ» тоифадаги маҳаллаларда олиб борилиши лозим бўлган ишлар, жамоат хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жиноят муҳокамаларини самарали ташкил этиш, ички ишлар органларининг бошқа секторлар билан ҳамкорлиги, қонунбузарликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган шахслар билан профилактик ишлар олиб бориш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга барҳам бериш, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимида ноқонуний овга барҳам беришда йўл қўйилган камчиликлар тилга олинди. Ўз навбатида хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган раҳбарлар лавозимларидан озод қилинди, яна бир қанча масъулларга интизомий чоралар кўрилганлиги билдирилди.
Тадбирда шаҳар ва туманлардан давлат идораларига йўлланаётган ариза ва шикоятлар секторлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳоли муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этишда нуқсонларга йўл қўяётганлар огоҳлантирилди. Йиғилишда ишчи гуруҳ вакиллари вилоят ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир қатор тезкор тадбирлар ўтказганлиги маълум қилинди. Натижада 42 та жиноят фош қилинган, 1,1 килограмм наркотик моддалар ҳамда ноқонуний сақланаётган 5 та ов қуроли, 54 та совуқ қурол олинган. Йўлларда қоидабузарликлар содир этганларга тегишли 693 та автоулов жарима майдонига қўйилган.
Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев секторлар фаолият натижадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини маҳаллий бюджет ҳисобидан қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича белгиланаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Якунда республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликларни 3 ой муддатда тўлиқ бартараф этишга келишиб олинди.