31 Август 2025 йил 198

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т. Қодировнинг Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Қадрли ҳамкасблар!


Ушбу қутлуғ онларда ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 34 йиллиги байрами билан самимий табриклаётганимдан беҳад мамнунман.

Сўзим аввалида такидлашни истар эдимки, ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, иқтисодиёт ва аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида эътироф этгулик натижалар қўлга киритилмоқда. Зеро бугун нишонлаётган энг улуғ ва энг азиз байрамимиз ҳам “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” ғоясини ўзида мужассам этган.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда кечаётган ўзгаришлар инсон қадрини юксалтиришга қаратилганлиги билан беқиёс аҳамиятга эга. Бинобарин, энг чекка ҳудудларда ҳам хавфсиз ва ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитлари яратилмоқда. Айни мақсадда Янги Ўзбекистонга мос инсон манфаатларини ҳар недан устувор қўядиган халқчил ички ишлар органлари тизимини шакллантириш учун барча имкониятлар ишга солиняпти.

Буни ходимлар кундалик фаолиятида қўллаётган рақамли технологияларда, тизимда жорий этилаётган илм-фан ютуқларида, соҳа вакиллари учун муносиб хизмат шароитлари яратилаётганида, шахсий таркибни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган эзгу тадбирларда кўришимиз мумкин. Табиийки, ана шу имкониятларга мос равишда мамлакатимизда, хусусан, вилоятда жиноятчиликни сезиларли даражада камайтиришга эришяпмиз. Бу жиҳат халқаро рейтингларда ҳам ўз ифодасини топаётир.

Яна шуни унутмаслигимиз керакки, бугун бутун дунёда турли хатар ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Ушбу вазият бизни доимо сергак бўлишга, энг катта бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашга ундайди. 

Ишонманки, ҳар биримиз зиммамиздаги ушбу масъулиятли вазифани бажаришнинг уддасидан чиқамиз, юрт осойишталиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсата оламиз. Ҳурматли Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”.


Азиз дўстлар!


   Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли хизмат фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Text to speech