12 Апрел 2022 йил 572

“Фаровон келажак сари” республика форуми якунлари

Аввал хабар берганимиздек, Жиззах вилоятида “Фаровон келажак сари” III республика форуми бўлиб ўтди. Форумнинг иккинчи куни иштирокчилар Зомин шаҳридаги “Ёшлар маркази”га тўпландилар. Яна ҳам аниқроғи, тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, Тошкент шаҳри, вилоятлар Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимлари бошлиқлари ҳамда Жиззах вилоятидаги давлат ва жамоат ташкилотларида меҳнат қилаётган фаол аёллар иштирок этдилар.

Форумда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тилга олинди. Мавзу юзасидан республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Нодира Эгамбердиева, мазкур қўмита ҳузуридаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази раиси Муқаддам Расулова сўзга чиқди.   

Нотиқлар томонидан хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, уларнинг билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари мақсадида яратилаётган имконият ва имтиёзлар тилга олинди. Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраганларга психологик, ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, гендер тенглигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, низолашаётган оила аъзоларини яраштириш, оилавий келишмовчиликлардан азият чекаётганларга ҳимоя ордери бериш, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари, профилактика инспекторлари ҳамда инспектор-психологларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш масалалари йиғилганлар диққат марказида бўлди.

Хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоялашга қаратилган таклифлар билан ўртоқлашилди. Жумладан, ҳимоя ордерлари муддатини 1 йилга узайтириш, профилактика хизматининг мобиль таянч пунктлари орқали аҳолига психологик ва ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, жазо муддатини ўтаётган аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилиши юзасидан фикрлар баён қилинди. Ўз навбатида хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоялаш борасидаги фаолияти инобатга олиниб, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизматига мобиль таянч пункти сифатида фойдаланиш учун Ички ишлар вазирлиги томонидан автобус ажратилиши эълон қилинди.

Форум давомида Жиззах вилоятининг фаол хотин-қизлари, чунончи, ногирон бўлишига қарамасдан тадбиркорлик қилаётганлар, ишбилармонлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиблари ва муайян йўналишда муваффақиятларга эришган ёшлар, намунали оила вакиллари тақдирланди.

Шунингдек, форумда Зомин туманида яшовчи, тўлиқ бўлмаган оилада фарзанд тарбиялаётган 41 нафар хотин-қизни турар жой билан таъминлаш мақсадида 22 миллион сўмдан 32 миллион сўмгача бўлган миқдорда бошланғич тўлов тўлаб берилиши эълон қилинди ва уларга бу тўғридаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Шу куни форум қатнашчилари Зомин тумани марказидаги Қайирма маҳалла фуқаролар йиғинида тазйиқ ва зўравонликлардан жабр кўрган хотин-қизларлар учун очилган 4 ўринли реабилитация шохобчаси фаолияти билан танишдилар. Улар мазкур ҳудудда ташкил этилган боғда дарахт кўчатлари ўтқаздилар. Шу билан форум ўз ишини якунлади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech