Фидойи подполковник
Республикамиз Президентининг жорий йил 24 октябрдаги “Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан Зарбдор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Ёқубжон Акабоев “Содиқ хизматлари учун” медалига сазовор бўлди.
Таъкидлаш жоиз, Ёқубжон Акабоев жиноятчиликка қарши курашишни ўз тақдирига айлантира олган соҳа фидойиларидан биридир. 27 йиллик хизмат фаолиятининг асосий қисми жиноят қидирув соҳасига дохил бу инсоннинг ҳаётий шиори қатъият, шижоат, масъулият ва ҳалоллик, десак адашмаймиз. У мазкур фазилатларига таянган ҳолда юзлаб жиноятларни фош этишга эришган.
Мақоламиз қаҳрамони соҳанинг аччиқ-чучукларини обдон тотган, турли лавозимларда кўплаб раҳбарлар қўл остида фаолият кўрсатди. Чиниқиб, жиноят қидирувга оид маҳоратини юксалтираверди. Тажрибаси ошди, ишининг устасига айланди. Йиллар ундаги етакчилик қобилиятини ҳам юзага чиқарди. Натижада муҳим вазифалар ва лавозимлар унга ишониб топширилди. Чунончи, Бахмал, Шароф Рашидов, Арнасой туманлари ички ишлар бўлимларига самарали раҳбарлик қилган. Айни вақтда Зарбдор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи.
Алоҳида эътироф этиш керак, Ёқубжон Акабоев сектор раҳбари сифатида юқори натижаларга эришмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, вилоятдаги 52 та ҳудуд орасида у бошчилик қилаётган 3- сектор фаолият самарадорлиги бўйича 3- ўринни эгаллади. Чунончи, бу даврда Зарбдор туманининг 3- секторида яшовчи 409 нафар фуқарога озиқ-овқат, нақд пул ва бошқа кўринишда жами 382 миллион 916 минг сўмлик ёрдам кўрсатилган. “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг 215 нафарига ер ажратилди, 32 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 54 нафари иш билан таъминланган. 36 нафарининг бизнес ташаббуси қўллаб-қувватланди. Хуллас, санаса арзигулик ишлар кўп.
Ёқубжон Акабоев Арнасой тумани марказида “Обод ҳудуд” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорликларга ҳам катта ҳисса қўшган. Бу каби фидойиликка йўғрилган маҳнат, табиийки рағбатсиз қолмайди.
Бинобарин, у “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, эсдалик қўл соати, шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан 15 га яқин фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. 2018 йилда эса секторда эришган натижалари учун ҳокимлик томонидан унга хизмат автоулови топширилди.