Фидойи муаллима
Билимли, ташкилотчи, масъулиятли, самимий, касбини жонидан ортиқ кўради. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиззах академик лицейининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Гулноза Почоевага ҳамкасблари одатда шундай тариф беришади. Аёлнинг иш фаолияти билан яқиндан танишсангиз зиё тарқатиш ҳаётининг мазмунига айланганлигини ҳис этасиз. У дарс беришдан ортиб, ўринбосарлик билан боғлиқ вазифаларини бекаму кўст бажаришга интилади, тадбирлар уюштириб чарчамайди. Мазкур жиҳатлари муаллиманинг болалар муҳаббатини, жамоадошларининг ҳурматини қозонишига сабаб бўлди.
Гулноза Почоева билимлари ва ўқитувчилик маҳоратини оширишни мунтазам жараёнга айлантирган. Чунончи, 2003 йилда Жиззах давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини, 2005 йилда эса Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг магистратура босқичини тамомлади. 2006-2009 йилларда Жиззах давлат педагогика институтида аспирантурада ўқиди.
Айни вақтда “Феълларни мазмуний майдон асосида ўрганиш” мавзуида илмий изланишлар олиб бораётир. Бу йўналишдаги ижодий ишлари республика ва халқаро нашрларда чоп қилинмоқда. У мамлакат бўйича ташкил этилаётган илмий анжуманларнинг фаол иштирокчиси. Шу маънода, Гулнозанинг кўплаб материаллари анжуманлар рисолаларидан жой олмоқда.
24 йиллик меҳнат стажига эга ўқитувчи вилоят ва республика миқёсида уюштирилган бир қатор танловларда ғолиб чиққан. Хусусан, 2014 йилда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичида диплом ва сертификат билан тақдирланди. Ўша йили “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг республика босқичида қатнашиб, фахрий ёрлиқ соҳиби бўлди.
Шунингдек, лицей ўқувчилари турли кўрик-танловларда юқори натижаларга эришганлиги учун Гулноза Почоева ташкилотчи сифатида ўндан ошиқ фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан рағбатлантирилган. Муаллима ёш авлод таълим-тарбиясига қўшаётган ҳиссаси учун Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 4 та фахрий ёрлиғига сазовор бўлган.
— Гулноза Почоева таълим муассасамизнинг энг салоҳиятли ўқитувчиларидан бири ва бўлғуси ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш ишига катта ҳисса қўшмоқда, — дейди ИИВ Жиззах академик лицейининг директори, подполковник Камолиддин Умаров. — Сўнгги йилларда лицейимизнинг 2 нафар ўқувчиси Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби бўлган. Бу ёшларнинг муваффақиятида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулноза Почоеванинг катта ҳиссаси бор. Фидойи ва тажрибали ҳамкасбимиз ёш ўқитувчилардан ёрдамини аямайди.
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ИИВ Жиззах академик лицейида тантанали тадбир уюштирилди. Шу куни таълим даргоҳининг бир гуруҳ муаллималари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва байрам совғалари билан тақдирланди. Улар орасида Гулноза Почоева ҳам бор.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.