Форишда сафарбар отряд ходимлари беллашмоқда
Фориш туманидаги ҳарбий тоғ полигонида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри, вилоятлар ИИБлари тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар батальон ва отрядлари, ИИВ қоровул қўшинларининг махсус вазифаларни бажарувчи тезкор отряди ҳамда ИИВ жазони ижро этиш департаментининг тезкор ҳаракатланувчи отряди терма жамоалари иштирокида кўпкураш ўтказилмоқда.
Мусобақанинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Суннатали Абдукадиров сўзга чиқди. Нотиқлар мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал жисмоний ва жанговар тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, кўпкураш иштирокчиларига омадлар тиладилар.
Беллашувларнинг биринчи кунида 18 та терма жамоа “Минора” ва “Тактик воқеа” шартлари асосида куч синашишди. Дастлаб ходимлар 200 метр масофани босиб ўтиб, мерган милтиғидан 100 ва 300 метр узоқлиқдаги ҳамда тўппончадан 7-10 метр олисдаги ҳаракатли ва ҳаракатсиз нишонларни урдилар. Сўнг 4 қаватли бино томидан арқонда тушиб, тўсиқлар оша ортга қайтдилар.
Иккинчи шартда иштирокчилар иншоот ичидаги жиноятчиларни зарарсизлантириб, гаровдагиларни озод қилишга қаратилган топшириқни бажаришди. Кейинги кунларда “Ҳужум”, “Тўсиқлар йўлагидан ўтиш”, “10 километр масофага югуриш”, “Офицерни қутқариш” шартлари бўйича беллашилади. 18 апрелда бошланган кўпкураш мусобақасини 22 апрелда тугаллаш режалаштирилган.