24 Апрел 2024 йил 4591

Фуқаролар хавфсизлиги таъминланади


Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 апрелда “Маданият, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти ҳокими раҳбарлигида идоралар ва ташкилотлар масъулларидан иборат ҳудудий комиссияси тузилди. Ушбу комиссия аъзолари йиғилишида маданият, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида жамоат хавфсизлиги таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳуқуқ-тартибот органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этишда маҳаллий ижро этувчи органлар ролини ошириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида сўз борди.

Қайд этилишича, вилоят комиссияси томонидан вилоят ҳудудидаги қўриқланиши шарт бўлган объектлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, ушбу объектларни қўриқлаш қуролли бўлинмалар томонидан амалга оширилади. Шу маънода хўжалик юритувчи субъектлар билан Ички ишлар ёки Миллий гвардия бўлинмалари ўртасида объектларни қўриқлаш бўйича шартномалар тузиш, ўрнатилган видеокузатув тизимларини ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмалари ситуацион марказларига интеграция қилиш, рўйхатга киритилган объектларнинг “Хавфсизлик паспорти” тайёрланиши масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишдан сўнг вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ, миллий гвардия вилоят бошқармаси, вилоят ФВБ маъсуллари Жиззах шаҳридаги аҳоли гавжум бўлган савдо марказларида бўлишиб, ҳудудда инсон хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишларни ўрганишди.


Text to speech