Фуқаролар мурожаатлари тингланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳафтанинг шанба куни бошқармада ўз шахсий қабулини ўтказмоқда. Навбатдаги қабулда 25 га яқин фуқаро турли масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Хусусан, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, фарзандини ўқишга киритиш, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракати ва ҳаракатсизлигидан норози, оилавий низоларни ҳал қилиш, моддий ёрдам ажратиш, фирибгардан қарзни ундириш, қонунни бузган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш, фуқаролар мурожаатларига эътиборсизлик қилган масъулларга ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга чора кўриш бўйича кўмак сўралди.
Мулоқотлар давомида кўтарилган ҳар бир масалага ечим топиш нуқтаи назаридан тегишли масъуллар бириктирилиб, муаммоларни ҳал этиш муддатлари белгиланди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг бу каби қабуллари вилоятнинг 3- секторидаги аҳоли пунктларида ҳам мунтазам ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда фуқаролар мурожаатлари асосида 3- сектор вакиллари тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик учун субсидия ва кредитлар ажратиш, аёллар, ёшлар ва темир дафтарга киритилганлар бандлигини таъминлаш орқали доимий даромадга эга бўлишлари чораси кўрилаяпти.