Фуқаролар мурожаатлари эътиборда
Ҳафтанинг ҳар шанба куни вилоят ички ишлар бошқармасида бошқарма бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилмоқда. Навбатдаги тадбирда фуқаролар ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларда мурожаатлар қилишди. Хусусан, ички ишлар органларига ишга кириш, ҳужжатни қалбакилаштириш, иш жойини ўзгартириш, ишга жойлашиш, айбдорларга чора кўриш, моддий ёрдам, фирибгарлик, уй-жой, оилавий келишмовчилик, қонунни бузган шахсни жавобгарликка тортиш, етказилган зарар ва қарзни ундириш, ҳуқуқий ёрдам олиш каби 30 га яқин масалалар ҳал этилишида кўмак сўралди.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган омилларни ўрганиш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Мазкур қабул давомида ҳам вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ҳамюртларимизнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди. Баён этилган ҳар бир масала бошқарма соҳавий хизматлари масъуллари иштирокида кўриб чиқилиб, ижроси вақт талаб этадиган муаммолар назоратга олинди.