13 Октябр 2023 йил 1169

“Гендер тенглиги бўйича ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида семинар ташкил этилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқубузурликлар профилактикаси бошқармаси тизимидаги хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар иштирокида “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва давлат органлари ўртасида гендер тенглиги бўйича ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида семинар уюштирилди.

Тадбир нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан низога ва гендерга сезгирлик, ёндашувлар, баҳолаш ва таҳлил қилишда аҳлоқий хулқ-атвор меъёрлари, таҳлиллар учун зарур инсонлар ва актёрларни хариталаш каби мавзуларда маълумот ва билимлар берилди.

         Чунончи, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига оилавий низоларни бартараф этишда қандай йўл тутиш кераклиги тушунтирилди. Хусусан, ишни ҳуқуқшунос ё психолог сифатида томонлар фикрини эшитишдан бошлаш зарурлиги, бу муаммонинг омилларини аниқлашга хизмат қилиши билдирилди.

         Ўз навбатида, оилавий келишмовчиликларга характердаги фарқлар, зўравонлик, бир-бирларини нотўғри тушуниш, турмуш ўртоғининг хиёнати, фарзандсизлик, меҳнат миграцияси сабаб бўлиши баён қилинди.

         Масалага ечим сифатида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимларини кучайтириш, жамиятда аёл ва эркак ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, аёлларни касбга ўргатиш, ажралган аёллар ва уларнинг болалари учун бошпаналар фаолиятини йўлга қўйиш, малакали психолог ва ҳуқуқшунослар кўмагини кўрсатиш зарурлиги уқтирилди.

         Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига 109 аёл ва уларнинг 94 нафар вояга етмаган фарзандлари қабул қилинган. Марказга жойлаштирилганларнинг 62 нафари ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган. Семинар якунида қатнашчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди. 

Text to speech