17 Сентябр 2021 йил 1098

Генерал-майор Ғайрат Қодиров ИИВ Академияси тингловчилари учун онлайн мастер-клас ўқув машғулотини ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жорий йилнинг 25 августдаги 298-сонли буйруғи асосида Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Ички ишлар вазирлиги Академияси кундузги таълим бакалавр босқичи курсантлари, магистратура тингловчилари ва ихтисослаштирилган кафедра профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн мастер-класс ўқув машғулоти ўтказди.

Ўқув машғулотида вилоятдаги жиноятчиликнинг аҳволи ва ортган турлари, келиб чиқиш сабаблари, бартараф этиш чоралари хусусида сўз юритди. Шунингдек, Жиззах вилоятидаги криминоген вазият, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишнинг муҳим масалаларига тўхталди. Вилоятнинг географик жойлашуви, чегарадош ҳудудлари, аҳоли сони тўғрисида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг вилоятдаги криминоген вазият таҳлил этилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида умумий жиноятчилик ошганлиги қайд этилиб, қонунбузарликларнинг сабаб ва омилларига эътибор қаратилди.

Маҳорат дарсида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини 2019-2021 йилларда тамомлаган битирувчиларнинг 92 нафари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида турли лавозимларда фаолият кўрсатаётгани, академия битирувчиларининг хизматга тез мослашишларини таъминлаш мақсадида уларга мураббийлар бириктирилганлигига тўхталди.  Ички ишлар органларида курсантлар амалиётини ташкил этиш, академия битирувчилари хизмат фаолияти аввалида йўл қўяётган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда жиноятни илмий ёндошув асосида жиловлаш, мазкур мақсадда “Йўл харита”си ишлаб чиқиш, воқеа жойини ўрганишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида курсант ва тингловчиларга атрофлича маълумот берди.

Онлайн тарзда ташкил этилган мастер-класс дарсида кафедра профессор-ўқитувчилар, тингшловчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига бошқарма бошлиғи томонидан атрофлича жавоблар олишди.

Машғулотда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бой тажрибаси билан ўртоқлашар экан, курсант ва тингловчиларга билим имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлигини уқтирилди.

Text to speech