“Гиёҳвандликка қарши курашиш долзарб ойлиги” доирасида
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида
гиёҳвандлик, психотроп ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган
воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда тезкор қидирув тадбирлари
самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув семинари бўлиб ўтди. “Гиёҳвандликка
қарши курашиш долзарб ойлиги” доирасида жиноят қидирув, ҳуқуқбузарликлар
профилактикаси, патруль-пост, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари иштирокида ташкил
қилинган тадбирда Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида йўл қўйилаётган
камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишга оид тажриба ва услублар
хусусида сўз юритилди.
Чунончи, мамлакатимизга гиёҳвандлик моддалари олиб кириладиган
ҳудудлар, наркокурьерлар ҳаракатланадиган йўналишлар, гиёҳванд моддалар,
назорат остидаги дори-дармонлар ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситаларининг
турлари, таркиби, инсон организмига таъсири каби жиҳатларга эътибор қаратилди. Шунингдек,
гиёҳванд воситаларини буюмлар, кийим, эҳтиёт қисмлар ҳамда транспорт воситаларига
яшириш услублари, наркотик моддаларни бошқа унсурларга аралаштирган ҳолда ташиш
билан боғлиқ ҳолатлар, гиёҳвандлик воситаларини онлайн тарзда ўтказиш йўллари
тилга олинди.
Наркотик моддаларни муомалага киритувчи
жиноий гуруҳларнинг фаолияти тўғрисида тўхталган мутахассислар мазкур
йўналишдаги қонунбузарликларнинг олдини олиш ва қарши курашишга оид
тавсияларини билдиришди. Бундан ташқари, гиёҳванд моддалари муомаласига қарши
курашиш қаратилган қонунларни самарали ижро этиш бўйича фикрлар билдирилди. Якунда
иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.