29 Январ 2022 йил 603

Хайрли ишлар кўлами ортмоқда

Фориш туманининг олис “Истиқлол” маҳалласидаги Киндибой қишлоғи аҳолисини қийнаб келаётган қумли йўл муаммоси яна бир неча кунлардан сўнг барҳам топади. Шу кунларда ушбу йўлга шағал ётқизиш ишлари жадал олиб борилаяпти.

Таъкидлаш жоиз, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи туман ҳокими ва масъуллар билан биргаликда йўлнинг ҳолатини ўрганиб, зарур чоралар белгиланган эди. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар ҳамда вилоят автомобил йўллари ҳудудий бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, йўлга шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. 18 километрлик қумли йўлнинг энг оғир 2 ярим километрида ана шундай таъмирлаш ишлари бажарилади. Бу ишга 35 та юк ташувчи ҳамда махсус техникалар жалб қилинган. Шағал 120 километр узоқликда жойлашган Чимқўрғон карьеридан олиб келинаяпти.

Йўлларда автомашиналарнинг ҳаракатланиши вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан назорат қилиниб, ҳайдовчиларга доимий йўриқномалар бериб борилади. Бу ўз навбатида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш имконини ҳам бермоқда.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу ишларнинг бориши билан танишди. Ўрганиш асносида иш кўламини кенгайтириш, таъмир ишларига қўшимча техникалар, ёнилғи маҳсулотлари ажратиш, шағал ётқизишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Ҳудудларни обод қилиш ишлари Дўстлик туманининг Саритепа маҳалласида ҳам жадал олиб борилмоқда. Қайд этилишича, “Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳалла кўчаларини соз ҳолатга келтириш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш каби қатор ишлар режа қилинган. Бошқарма бошлиғи ушбу ишларнинг боришини ҳам кўздан кечирди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва сектор раҳбарларига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, ободонлаштириш ишларини жонлантириш ва тунги ёритиш тизимларини ўрнатиш ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича вазифалар юкланди.

3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда бу каби бунёдкорликлар давом этмоқда.

Text to speech