Ҳамширалар беллашди
Жиззах вилояти ИИБ тиббиёт бўлими ўрта тиббиёт ходимлари ўртасида “Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” кўрик-танлови ўтказилди. Танловда билими, касбий малакаси, шахсий сифатлари билан ажралиб турадиган, меҳнат фаолияти давомида бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган 4 нафар ҳамширалар беллашишди.
Тиббиёт муасссасаларида фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимлари орасидан ўз касбининг етук мутахассисларини аниқлаш ва уларни эътироф этиш, касбий тайёргарлик даражасини юксалтириш, беморлар билан мулоқотда муомала маданиятини мустаҳкамлаш, интеллектуал ва профессионал салоҳиятини ошириш, уларда ташаббускорлик, етакчилик фазилатларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш мақсад қилинган танлов қатнашчилари 4 та шарт асосида ўз билим ва салоҳиятларини намоён этишди. Хусусан, улар дастлаб миллий урф-одатларимиз, ўзбекона ахлоқ талабларига мос равишда таништирув шартини бажаришди. Сўнгра саволларга жавоб бериш орқали соҳавий ва маънавий-маърифий, иш фаолиятида қўлланиладиган вазифаларни амалий бажариши орқали билим даражалари синовдан ўтказилди. Эркин мавзу шартида эса ҳамширалар иқтидор ва истеъдодларини кўрсатишди.
Ҳар бир шартнинг бажарилиши ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра тиббиёт бўлими госпиталь ҳамшираси Муниса Сагдуллаева биринчи ўринни эгаллади. Ушбу муассаса навбатчи ҳамшираси Адиба Абулқосимова иккинчи, ҳарбий-тиббий комиссия рўйҳатчиси Барно Расулова ҳамда поликлиника тиббий рўйҳатчиси Гулноза Низомовалар кейинги ўринларга муносиб деб топилди.
Ғолиблар диплом, эсталик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоиз, ғолиб ИИВ тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари ўртасида ўтказилаётган танловнинг кейинги босқичига йўлланмани ҳам қўлга киритди.