6 Октябр 2022 йил 571

Ҳар бир мурожаат эътиборда

Дўстлик тумани “Ғафур Ғулом” маҳалласининг Акмал Икромов кўчасида яшовчи аҳолининг бир неча йиллик муаммоси тўлиқ ечилишига қисқа фурсат қолди. Аниқроғи, ёзнинг жазирамасида чанг ва ёғингарчилик вақтида юриш имкони бўлмаган кўча бетонлаштирилаяпти. Мазкур масала жорий йил 27 июль санасида вилоят 3- сектор раҳбарининг маҳаллада ўтказган сайёр қабулида фуқаролар томонидан кўтарилган эди. Бетон қилиниши кўзда тутилган 600 метрнинг бугунгача учдан бир қисмида иш бажарилган, қолгани шу ой охири билан якунланади.

Ҳудудда ишсиз аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, шу йилнинг баҳор фаслида иш бошлаган “Сангзор текстил чеварлари” МЧЖнинг тикувчилик лойиҳаси бу борада муҳим омил бўлди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари тўлиқ экспорт қилинаётган мазкур мажмуада ҳозирда 103 нафар хотин-қизлар иш билан банд. Уларнинг 70 нафарини айнан Ғафур Ғулом маҳалласи хотин-қизлари ташкил этади.

Худди шундай ишлар туманнинг 3- сектори ҳудудидаги “Саритепа” маҳалласида ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу маҳаллада сектор раҳбарининг қабули январь ойида ўтказилганидан сўнг маҳаллада яшовчи Бахтиёр Жўраев токарлик цехи фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирда ушбу цехда икки киши меҳнат қилиб, темирга ишлов бериш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш фаолияти билан машғул.

Акром Носиров ҳам оилавий даромадини янада яхшилаш имконига эга бўлган саритепаликлардан. Унинг мурожаати асосида 7 ярим миллион сўм кредит ажратилиб, бир ярим сотих майдонда иссиқхона қурилди. Ҳозирда иссиқхонада иккинчи ҳосил учун булғор қалампири етиштирилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг январь ойида ўтказилган вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодировнинг сайёр қабулдан сўнг саритепалик хотин-қизлар учун яна бир қулайлик яратилди. Хусусан, Шаҳноза Абдуллаева гўзаллик салони фаолиятини йўлга қўйди. Унинг келгусидаги режалари янада улкан. Хусусан, маҳалла қизларига ўз касбини ўргатишни режа қилган.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан мулоқотдан сўнг иши юришиб кетганлардан яна бири анъанавий ушу мураббийи Жамол Турғунбоевдир. Спорт анжомлари йўқлиги боис у анчадан буён тўгарак фаолиятини талаб даражасида юрита олмаётган эди. Ҳозирда жанг санъатига қизиқадиган саритепалик 70 нафар ёшлар спорт устаси Жамол Турғунбоевдан ушбу спорт сирларини ўрганишмоқда.

Таъкидланишича, 3- сектор масъулларининг саъйи ҳаракатлари билан ҳудудда хизмат кўрсатиш даражаси яхшиланмоқда. Бу жараёнда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш истагида бўлган фуқароларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланаяпти. Шерзод Бахтибоев ҳам ана шулардан. У 33 миллион сўмлик кредит асосида компьютер хизматлари маркази фаолиятини йўлга қўйди. Шу билан бирга Муҳаммад Жаҳонназаров сингари икки киши доимий иш билан таъминланди.

Дарвоқе, сектор раҳбарининг қабулидан сўнг Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали талабаси Муҳаммад Жаҳонназаровнинг шартнома пули ҳам тўлаб берилган.

 Гулзайра она Ҳайдарованинг ташаббуси билан ташкил этилган фитнес клуб маҳалла хотин-қизлари учун ҳам кўнгилочар ҳам ўз саломатликлари ҳақида қайғуриш марказига айланди, десак хато бўлмайди.

Саритепалик Радха Очилова эса 3- сектор раҳбари кўмагида 12 миллион сўм кредит олиб, 2 сотих ерда иссиқхона қурган. Ҳозирда ушбу иссиқхонада 3- ҳосил етиштирилаяпти. Даромад ортаяптики уй-жойни кенгайтириш, зарур шароитни юзага келтириш чораси кўрилаётир.

Албатта бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг сайёр қабулларида билдирилган ҳар бир масалани ҳал этилмоқда. Бу ўз навбатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бандликни таъминлаш, ифратузилмани яхшилаш баробарида аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш имконини бераяпти.

Text to speech