Расмий муносабат: Жиноят аломатлари йўқ
Ижтимоий тармоқда Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси “Нурафшон”
маҳалласида яшовчи Абдуқодир Бердимуродовнинг 2022 йилнинг август ойида ички
ишлар органлари ходимлари томонидан унга тан жароҳатлари етказилганига оид мурожаати
тарқалди. Дарҳақиқат, 2022 йил 28 август куни соат 20 лар атрофида ушбу шахс овқатланиш
шохобчасида маст ҳолатда фуқаро Б.Р. билан жанжаллашган.
Мазкур жараёнда уларни ажратмоқчи бўлган фуқаро Д.Х. Абдуқодир
Бердимуродовнинг қорин бўшлиғини оёғи билан босиб ўтган. Кўп ўтмай жанжални
бартараф этиш учун келган ички ишлар органлари ходимлари Абдуқодир
Бердимуродовнинг спиртли ичимлик ичган ёки ичмаганлигини аниқлаш мақсадида
тиббий текширувдан ўтказиш чоралари кўрганлар.
Аммо Абдуқодир Бердимуродов ички ишлар органлари ва тиббиёт ходимларига
фаол қаршилик кўрсатган. Шу боис тинчлантириш мақсадида унинг қўлларига кишан тақилган.
Кейинчалик ўтказилган суд-тиббий экспертизаси фуқарога бир қатор тан
жароҳатлари етказилганлигини тасдиқлади. Ўз навбатида, ҳолат бўйича прокуратура
томонидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди ва олиб борилган тергов
ҳаракатлари натижасида ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларида жиноят
аломатлари йўқлиги тасдиқланган.