1 Август 2022 йил 572

“Ҳавфсиз ҳудуд” махсус-тезкор профилактик тадбири ўтказилди

Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида “Хавфсиз ҳудуд” махсус-тезкор профилактик тадбири ўтказилди. Хизмат олди йўриқномада хизматга жалб қилинган соҳавий хизмат ходимларига туман ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, хуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изидан” фош этиш вазифаси юклатилди.

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларидан иборат гуруҳлар томонидан маҳаллаларда “Фуқаробай” ишлаш тизими бўйича тадбирлар олиб борилди. Бунда асосий эътибор, ҳар бир фуқаро билан индивидуал тартибда суҳбатлашилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишга қаратилди. Шунингдек, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида агрессив хулқ атворга эга, жиноят қилишга мойил шахслар, низоли оилалар, ўзаро келишмовчилиги мавжуд фуқаролар билан мулоқотлар қилиниб, уларни яраштириш чоралари кўрилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояга олинди. Уйма-уй юриб ўрганишлар давомида аниқланган ижтимоий, иқтисодий, психологик ва ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Сир эмаски, сўнгги вақтларда банк пластик картасидан пул ечиб олиш билан боғлиқ қонунбузарликлар сони ортмоқда. Шу турдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида жамоат жойларида тарғиботлар қилинди. Қонунбузарликларнинг сабаб ва омилларига эътибор қаратилиб, аҳолининг кенг қатлами фойдаланиши учун махсус буклет ва флаерлар таркатилди.

Тадбир давомида ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган ва илгари судланган 431 нафар, спиртли ичимликка ружу қўйган 351 нафар, пробация назоратида туриб, жазо муддатини ўтаётган 67 нафар шахслар билан суҳбатлар олиб борилди. Жараёнларда ушбу фуқароларга қонунбузарликларнинг оқибатлари тушунтирилди. Мазкур тадбирлардан мақсад ушбу фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш, уларнинг бандлиги таъминлаш орқали тўғри йўлга бошлашга қаратилган.

Туман ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида олиб борилган кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар давомида 22 та маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди. Жумладан, 7 та савдо дўконларида ноқонуний равишда алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келинаётганлиги аниқланиб ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлса, 2 та холатда Навоий кон-металлургия комбинатининг жанубий кон бошқармасига қарашли Маржонбулоқ конидан таркибида олтин моддаси бўлиши мумкин бўлган рудаларини талон-торож қилинишига чек қўйилди.

Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ яъни ғилофсиз ҳолда олиб юриш билан боғлиқ 7 та ҳолатда фуқаролардан 10 га яқин ўткир тиғли жисмлар ҳужжатлаштириб олинди.

Майда безорилик ҳамда диний мазмундаги материалларни тарқатиш ҳуқуқбузарликларидан ташқари вояга етмаган мактаб ўқувчиси автомашина бошқариб юрганлиги аниқланиб, фарзандини қаровсиз қолдирганлиги боис унинг онасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан баённома расмийлаштирилди.

Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга йўналтирилган профилактик тадбирлар давом этмоқда.

 

Text to speech