“Хавфсиз темир йўл ойлиги” доирасидаги профилактик тадбирлар
1 ноябрдан 1 декабрь кунига қадар юртимизда “Хавфсиз
темир йўл ойлиги” ўтказилмоқда. Шу мақсадда Жиззах темир йўл вокзалида ИИВ транспорт
ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Жиззах вилояти
транспортда хафсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан тадбир уюштирилди. Соҳа
ходимлари, ҳарбийлаштирилган ўқчилик ва ўт ўчириш командаси, кенг жамоатчилик, темир йўл тизимидаги барча корхона ва
ташкилотлар ҳамда бошқа манфаатдор идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш
органларининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари иштирок этишган тадбирда “Хавфсиз
темир йўл ойлиги” доирасида амалга ошириладиган ишлар хусусида сўз борди.
Қайд этилишича, мазкур профилактик
тадбирда асосий эътибор ҳаракат таркиблари ва иштирокчилари билан боғлиқ
бахтсиз ҳодисалар содир этилишнинг барвақт олдини олиш, темир йўл транспортида
йўловчи ва фуқароларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитетни ошириш,
уларда темир йўл транспортида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳиссини
кучайтиришга қаратилиши тушунтирилди.
Таъкидлаш жоиз, “Хавфсиз темир йўл
ойлиги”да йўловчилар, йўловчи ва юк поездлари ҳаракат хавфсизлигига салбий
таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар ўрганилиб, улар бартараф этилади. Бундан
ташқари хавфсизлик юзасидан қўшимча жиҳозлар талаб этиладиган темир йўл
йўналишларига таъқиқловчи ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, темир йўл ўтган аҳоли пунтларида фуқаролар, кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар иштирокида учрашув ҳамда давра суҳбатлари ташкил қилинади. Бу орқали аҳолининг ҳуқуқий билими оширилиб, фавқулодда ҳолатларга йўл қўймаслик, темир йўл билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришилади.