“Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири кучайтирилди
Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятида ҳам “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Қонунбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жиноятларни фош этишга қаратилган мазкур тадбирда ички ишлар органлари ходимлари билан бирдек Миллий гвардия ҳамда корхона ва муассасалар вакиллари, ўзини ўзи бошқариш ва ёшлар ташкилотлари фаоллари иштирок этмоқдалар.
Пахтакор туманида “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбирини ўтказишга қаратилган йўриқномаларда ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия, корхона ва муассасалар вакиллари, ўзини ўзи бошқариш ва ёшлар ташкилотлари фаолларининг вазифалари қатъий белгиланмоқда. Чунончи, давлат ва жамоат ташкилотлари, кўп қаватли уйлар ва бўш турган иншоотларни кўздан кечириш, гиёҳвандлар, ичкиликбозлар, оилавий жанжалкашлар, муқаддам судланганлар, профилактик ҳисобга олинганлар билан суҳбатлар ўтказиш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни аниқлаш бўйича топшириқлар берилаётир.
Шу маънода, туманда бугунгача 5 минг 144 та объект текширувдан ўтказилган. Мазкур жараёнда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан бирдек ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария талабларига риоя этилиши ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ижтиоимий-иқтисодий соҳаларнинг 129 нафар вакиллари томонидан амалга ошириляпти. Профилактик тадбирлар давомида 400 дан ошиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
“Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири доирасида патруллик йўналишларида назорат кучайтирилди. Шу билан бирга ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими ходимлари томонидан ҳайдовчиларнинг амалдаги меъёр ва тартибларга риоя қилишлари ўрганилмоқда. Хусусан, бугунгача туманда 2 минг 155 та автотранспорт воситалари текширилган.
Спиртли ичимлик истеъмол қилишда гумонланган ҳайдовчилар ҳудуддаги наркология диспансерида шифокор кўригидан ўтказилаяпти. Агарда бу йўналишда қоидабузарлик содир этилган бўлса, тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда. Профилактик тадбирлар давомида савдо, маиший ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида карантин қоидаларига амал қилиниши ўрганилаётир. Шунингдек, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузурлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари уюштириляпти.