28 Сентябр 2024 йил 3512

Хавфсиз ҳудуд” тамойили — амалда


Зафаробод тумани ички ишлар бўлимида “Хавфсиз ҳудуд” тамойилини ҳаётга тадбиқ этиш борасида амалга оширилган ишлар тақдимоти ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ва масъуллари, шунингдек, аҳоли вакиллари иштирокида ўтган семинарда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида сўнгги икки ойда Бўстон, Самарқанд, Узун маҳаллалари ҳудудига 172 та видео кузатув камералари ўрнатилгани маълум қилинди.

 Ушбу қурилмаларнинг 10 таси авторақамларни танийди, 7 таси юз орқали шахсга аниқлик киритади. Айни пайтда ушбу ускуналарни туман ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига интеграция қилиш чоралари кўрилаётир. Жорий йил сўнггича тумандаги барча йўлларнинг бош қисми ҳамда аҳоли турар жойларига кузатув камералари ўрнатиш кўзда тутиляпти.

 Тадбирда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 28,6 фоизга қисқаргани, шахсий таркибнинг жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 15,4 фоизга ошгани эътироф этилди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан 7765 та оила хонадонбай ўрганилган, мазкур жараёнда аниқланган камчиликлар юзасидан профилактика инспекторлари 1126 та хулоса киритганлар.

Натижада 67 кишига моддий ёрдам, 24 кишига субсидия ажратилган, 31 киши тадбиркорликка жалб қилинган. 44 киши ишга жойлаштирилган. 6 киши касбга ўқитилган, 66 кишига психологик ёрдам кўрсатилган. 14 та оилавий низоларга барҳам берилган. Худди шундай, тадбирда маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқчи томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда фуқароларнинг фирибгарлик, ўғирлик, кибержиноятлар ҳамда йўл-улов ҳодисаларидан жабрланишларининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари, ички ишлар органларида ҳисобда турган шахслар, пробация хизмати ҳамда маъмурий назорат остига олинган фуқаролар билан ўтказилган профилактик тадбирлар, уюштирилган рейдлар натижалари тилга олинди.


Text to speech