Ҳайвонот дунёси муҳофазаси йўлида
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноқонуний балиқ овлаш, ов қилиш қоидалари бузилишига қарши курашиш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза этишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда. Чунончи, Айдар-Арнасой кўллар тизимига туташ бўлган Фориш, Зафаробод ва Арнасой туманларида тезкор гуруҳлар томонидан мунтазам рейдлар уюштирилаяпти.
Ички ишлар органларининг тезкор гуруҳлари томонидан Зафаробод туманида ўтказилган профилактик тадбирда бир қатор қонунбузарликлар аниқланди. Хусусан, Тузкон кўли қирғоқларида қаровсиз қолдирилган 2 та қайиқ, 1 та мототранспорт воситаси ва тўр топилди. Худди шундай, Фориш тумани Дўстлик маҳалласи Отақўрғон қишлоғи ҳудудида ташлаб кетилган 3 та қайиқ, 1 та мототранспорт ва қайиқ двигатели ҳужжатлаштирилди. 2 та балиқчилик хўжаликларининг 3 та қайиқлари ва 2 та эшкакнинг ҳужжатлари йўқлиги боис тадбир иштирокчилари томонидан хатланди. Қисқаси, тезкор тадбирда жами 5 та қайиқ, 2 та мототранспорт воситаси, 1 та рухсат этилмаган тўр ҳужжатлаштирилиб, ҳудудий ички ишлар бўлимларига етказилди.
Қаровсиз қолдирилган ва ноқонуний балиқ овлаш билан шуғулланган фуқаролардан олинган тўрлар тегишли тартибда ёқиб йўқ қилинди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддилари томонидан олиб келинган мототранспортлар ва қайиқларнинг техник ҳужжатлари ўрганилмоқда.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан муҳофаза этилаётган табиий ҳудудларда давлат экологик назоратини амалга ошириш, ноқонуний ов, балиқ овлаш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни териш-йиғиш каби қонунбузарликларга қарши курашиш, 2020-2022 йиллар давомида амалга ошириладиган ишлар юзасидан қўшма тадбирлар режаси ижросини таъминлашга қаратилган тезкор тадбирлар давом этмоқда.