7 Феврал 2022 йил 671

Хизмат интизоми бош масала

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан туман ички ишлар органларида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликни таъминлашга қаратилган учрашувлар ўтказилмоқда.

Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлимида ташкил этилган йиғилишда туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳамда уларнинг оиласи ва ота-оналари иштирок этишди. Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва осойишталикни таъминлаш борасидаги хизматларини эътироф этди.

Шунингдек, хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун яратилаётган қулайликлар айтилди. Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Шавкат Умиров хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида шахсий хавфсизлик тизими билан ҳамкорлик қилиш ҳамда кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.

Тадбир давомида қонунийликни таъминлаш, қўполлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суъистемол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, соҳанинг айрим вакиллари томонидан содир этилган қонунга зид хатти-ҳаракатлар ва уларнинг оқибатлари хусусида сўз юритилди.

Худди шундай, Бахмал ва Зафаробод туманларида ўтган учрашувларда ҳам ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар тилга олинди. Хусусан, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, турар жой билан таъминлаш, фарзандларини олий ўқув юртларига қабул қилиш ҳамда тиббий хизматдан фойдаланишдаги имтиёзлар қайд этилди.

Бундан ташқари, ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш, фуқаролар билан муомала маданиятини яхшилаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тамагирлик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги уқтирилди.

Тадбирларда хизмат фаолиятида намуна кўрсатган ходимларнинг ота-онаси ва яқинларига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси топширилди. Бу каби учрашувлар жойларда давом этмоқда.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech