12 Март 2022 йил 493

Хизмат интизоми бош масала

 

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликни таъминлаш масаласида учрашув ўтказилди. Жиззах Политехника институтида ўтган йиғилишда шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва ота-оналари иштирок этишди. Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва осойишталикни таъминлаш борасидаги хизматларини эътироф этди.

Шунингдек, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, турар жой билан таъминлаш, фарзандларини олий ўқув юртларига қабул қилиш ҳамда тиббий хизматдан фойдаланишдаги имтиёзлар билан бирга хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун яратилаётган қулайликлар ҳам тилга олинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 8 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлиги оширилиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоя қилиниши айтилди.

Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Шавкат Умиров ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш, фуқаролар билан муомала маданиятини яхшилаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тамагирлик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги уқтирилди. Кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир таклиф ва мулоҳазалар баён этилди.

Тадбир давомида хизмат фаолиятида намуна кўрсатган бир гуруҳ ходимларнинг ота-онаси ва турмуш ўртоқларига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси топширилди.

Text to speech